Яширин иқтисодиётни қисқартиришга масъул ташкилотлар фаолияти KPI тизими асосида баҳолаб борилади
Бош прокуратурада Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси О.Ҳакимов ва Бош прокурор ўринбосари Ж.Ҳотамов раҳбарлигида яширин иқтисодиётни қисқартириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Унда яширин иқтисодиётни қисқартиришга масъул бўлган вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва иқтисодий соҳа ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Масъуллар яширин иқтисодиёт ва норасмий бандликни қисқартириш юзасидан ишлаб чиқилган намунавий қўлланма ҳамда Бухоро вилоятида яширин иқтисодиёт ва норасмий бандликни қисқартириш юзасидан ўтказилган ўрганиш натижаларига оид тақдимот билан таништирилди.

Ҳудудларда амалга оширилаётган тажрибалар асосида ишларни тўғри йўлга қўйиш, назорат фаолиятини тубдан яхшилаш, амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги юзасидан “кундалик сўров” тизимини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Яширин иқтисодиётни қисқартиришга масъул бўлган ташкилотлар фаолиятини KPI тизими асосида баҳолаб бориш борасида бир қатор топшириқлар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА