Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яширин цех: қонунбузарлик занжири фош этилди

Жиззах вилоятида ноқонуний алкоголь маҳсулотлари айланмасига барҳам берилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида яширин ишлаб чиқариш ва савдо занжири аниқланди.

Текширувлар жараёнида Шароф Рашидов туманида жойлашган “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги савдо дўконида фуқаро Ш. Т. турли номлардаги 24 дона қўлбола алкоголь маҳсулотларини харидорларга таклиф қилаётгани маълум бўлди. Ушбу ҳолат қонун талабларига мутлақо зид бўлиб, маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган.

Олиб борилган суриштирувлар Ш. Т. мазкур алкоголь маҳсулотларини “Шариллоқ” маҳалласи ҳудудида яширин цех ташкил этган, муқаддам судланган фуқаро У. С. дан олиб келганини айтади. Бу эса ноқонуний ишлаб чиқаришдан тортиб, чакана савдога қадар яхлит қонунбузарлик тизими мавжудлигини очиб берди.

Тезкор тадбир давомида яширин цехдан 4 тонна спирт ҳамда 480 дона бўш шиша идишлар ашёвий далил сифатида мусодара қилинди.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай миқёсдаги ноқонуний маҳсулот аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси — этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш бўйича жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Қонун устуворлигини таъминлаш, жамоат хавфсизлиги ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган бундай тадбирлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиши таъкидланмоқда.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА