Яширилган заргарлик буюмлари
Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан давлат чегаралари орқали товар-моддий бойликларни қонуний тартибда олиб ўтиш, иқтисодий хавфсизликни таъминлаш ҳамда контрабанда ҳолатларининг олдини олиш борасида тизимли ишлар изчил давом этмоқда. Айниқса, чегара божхона постларида замонавий назорат воситаларидан самарали фойдаланилаётгани натижасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинмоқда.
Ана шундай тезкор чора-тадбирлар натижасида Бухоро вилояти божхона бошқармасига қарашли “Олот” ҳамда “Бухоро аэропорти” чегара божхона постларида заргарлик буюмларини яширинча олиб кириш билан боғлиқ икки ҳолат ўз вақтида аниқланди.

Жумладан, “Олот” чегара божхона пости орқали “Туркманистон – Ўзбекистон” йўналишида пиёда кириб келган фуқаро белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди. Назорат жараёнида унинг хатти-ҳаракатлари ходимларда шубҳа уйғотгани сабабли фуқаро чуқурлаштирилган текширувга йўналтирилди. Замонавий сканер қурилмаси орқали ўтказилган текширув давомида рентген тасвирлари асосида фуқаро томонидан 310 грамм оғирликдаги қимматбаҳо заргарлик буюмлари яширинча олиб ўтилаётгани маълум бўлди.

Шунингдек, “Бухоро аэропорти” чегара божхона пости орқали “Туркия – Бухоро” йўналишида келган яна бир фуқаро ҳам божхона назоратидан ўтказилди. Текширув натижасида унинг юклари орасида божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқ бўлган 108,3 грамм қимматбаҳо заргарлик буюмлари борлиги аниқланди.
Ҳозирги вақтда ҳар икки ҳолат бўйича умумий қиймати 501 миллион сўмдан ортиқ бўлган заргарлик буюмлари вақтинча сақловга олинган. Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, божхона органлари томонидан амалга оширилаётган бундай чора-тадбирлар нафақат ноқонуний товар айланмасига чек қўйиш, балки мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, ички бозор барқарорлигини таъминлаш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.