Мамлакатимизга заргарлик буюмларини олиб киришга ҳукуматимиз томонидан алоҳида меъёрлар жорий этилган бўлиб, унга кўра жисмоний шахслар томонидан умумий оғирлиги 65 граммдан ошмаган миқдорда божхона чегаралари орқали ўз эҳтиёжлари учун олиб киришлари мумкинлиги қайд этилган.
Божхона органлари томонидан товар-моддий бойликларни божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда божхона назоратидан яшириб олиб ўтишга бўлган уринишларга тизимли равишда қарши кураш олиб борилмоқда.
Жумладан, “Фарғона” чегара божхона пости орқали қўшни давлатдан Ўзбекистон Республикасига ўтиш мақсадида ҳаракатланаётган фуқаро Н.Н. пост “кириш” пиёдалар залининг “яшил” йўлагидан ҳаракатланаётган вақтида пост ходимларида шубҳа уйғотганлиги сабабли тўхтатилиб “қизил” йўлакка йўналтирилди. Шундан сўнг, унга тегишли бўлган қўл юклари божхона назоратидан ўтказилди.
Натижада фуқарога тегишли бўлган сумка ичида заргарлик буюмларига ўхшаш товарлар борлиги аниқланди. Кўздан кечириш давомида мазкур товарлар божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган умумий қиймати 233 миллион сўмлик 518 граммга тенг бўлган 49 турдаги заргарлик буюмлари эканлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА