Жорий йилнинг 11 сентябрь куни “Ўзкимёсаноат” АЖ, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда “ACWA Power UKS Green H2” қўшма корхонаси ўртасида кредит ва кафолат шартномалари имзоланди.
Мазкур ташкилотлар масъуллари иштирокида ўтказилган тадбирда томонлар ҳамкорлиги ва имзоланган ҳужжатлар юзасидан сўз юритилди.
Қайд этилганидек, ушбу ўзлаштирилаётган паст фоизли кредит ресурслари давлат кафолатисиз тўғридан-тўғри "яшил водород" ишлаб чиқариш йирик инвестиция лойиҳасини молиялаштиришга йўналтирилади.
“Ўзкимёсаноат” АЖ ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур жамият томонидан Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида МДҲ давлатлари ва Ўрта Осиёда ягона бўлган "яшил водород" ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида электролизерлар ўрнатиш орқали водород ишлаб чиқариш ва электролизерлар истеъмолини қоплаш учун шамол турбиналарини ўрнатиш режалаштирилган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА