“Яшил” техникумлар: экологик таълимда янги босқич
Мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда меҳнат бозори учун замонавий мутахассислар тайёрлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Бу жараёнда таълим тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, республика бўйлаб янги ташкил этилаётган “яшил” техникумлар мазкур соҳадаги кадрлар салоҳиятини юксалтиришда муҳим ўрин эгаллаши кутилмоқда.
Мавжуд қонунчиликка асосан, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тасарруфидаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”) ҳузурида республика ҳудудларида “яшил” техникумлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Шу муносабат билан мазкур таълим муассасаларига турли йўналишлар бўйича ўқитувчи-педагоглар ишга қабул қилиниши эълон қилинди.
Янги техникумларда экологик таълим билан чекланиб қолмасдан, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган ўнлаб мутахассисликлар ташкил этилган. Улар орасида қайта тикланувчи энергия манбалари, дастурий инжиниринг, дронлардан фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, гидрометеорология, компьютер тармоқлари, агрономия, ветеринария, кадастр, бухгалтерия, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси каби замонавий ва амалий соҳалар мавжуд.
Бу эса “яшил” техникумлар нафақат экологик билимларни, балки рақамли технологиялар, инновацион ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари учун ҳам рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилишини англатади.
Педагоглар учун қандай имкониятлар яратилмоқда?
Таълим муассасаларига ишга қабул қилинадиган ўқитувчилар учун бир қатор қулай шарт-шароитлар назарда тутилган.
Жумладан, рақобатбардош ойлик иш ҳақи, замонавий лаборатория ва ўқув хоналари, инновацион таълим муҳити, мунтазам малака ошириш ва касбий ривожланиш имкониятлари, экологик ва илмий лойиҳаларда иштирок этиш имкони тақдим этилади.
Бугунги кунда таълим соҳасида нафақат билим бериш, балки экологик маданият ва масъулиятни шакллантириш ҳам муҳим вазифага айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, “яшил” техникумларда фаолият юритадиган педагоглар келажак авлоднинг экологик тафаккурини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, экологик таълимга инвестиция киритиш — келажак иқтисодиёти ва атроф-муҳит барқарорлигини таъминлашнинг энг самарали йўлларидан бири ҳисобланади. Шу боис мазкур танлов нафақат иш ўрни, балки мамлакатнинг экологик тараққиётига ҳисса қўшиш имконияти сифатида ҳам аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА