“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бу бир йиллик ташаббус эмас
Мамлакатимизда кенг қулоч ёйган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида ОКМК таркибий бўлинмалари, хусусан, Ихтисослаштирилган таъмирлаш ишлари бошқармаси меҳнат жамоаси ҳам юқори фаоллик кўрсатмоқда. Бошқарма ишчи-ходимлари ўзларига бириктирилган ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшяпти.
Хусусан, ҳозиргача меҳнат жамоаси томонидан 12,5 гектарлик ер майдонига жами 57 минг 479 туп терак ниҳоллари экилиб, уларга меҳр билан ишлов берилмоқда. Шунингдек, келгусида яшил майдонларни янада кенгайтириш мақсадида 125 минг 730 дона терак қаламчалари ҳам парваришланмоқда.

Бундан ташқари, бошқарма томонидан ҳудуднинг экологик барқарорлигини таъминловчи “Яшил белбоғ” ташкил этиш вазифаси ҳам муваффақиятли бажарилди. Саноат ҳудудининг 1,2 гектар майдонида барпо этилган ушбу яшил ҳудудда 600 тупдан зиёд манзарали дарахт ниҳоллари ривожланиб, атроф-муҳит мусаффолигига хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, Технологик транспорт бошқармасига бириктирилган 15 гектар ер майдонида 107 минг дона терак ниҳоллари ва 40 мингдан зиёд қаламчаларини парвариш қилмоқда. Саноат ҳудудларига гул ҳамда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиляпти.

– Умуммиллий лойиҳа доирасида ТТБ ҳудудини ободонлаштириш учун 1 минг 500 дона виола, 1 минг 300 га яқин шафран, Қўқон гул, 2 минг 300 дан зиёд райҳон ҳамда 310 дона настарин гуллари экилди, – дейди ТТБ капитал-қурилиш ва умумий масалалар бўйича бошлиқ ўринбосари Фахриддин Хамзаев. – Таркибий бўлинма меҳнат жамоаси саноат майдони атрофида “яшил белбоғлар” ҳосил қилмоқда. Ерга қадалган ҳар бир ниҳол эртага ҳаво мусаффолиги ва чанг даражасини камайтиришга хизмат қилади. Айниқса, мевали дарахтларнинг парваришланиши келажакда нафақат табиатга фойда, балки жамоа учун қут-барака манбаи ҳамдир. Бу каби тизимли чора тадбирлар ўз ўрнида “Яшил макон” лойиҳасининг узоқ муддатли ҳаётий заруратга айланганини кўрсатади.

Саноат темир йўл транспорти бошқармасига қарашли 3-сонли темир йўл цехи иссиқхонасида ажойиб ҳодиса юз берди – экзотик фейхоа ўсимлиги илк бор гуллади.
2026 йилнинг март ойи охири ва апрель бошларида қийғос гулга кирган ушбу ўсимликнинг ҳосили октябрь ойида пишиб етилиши кутилмоқда. Иссиқхона масъули Яшин Норматовнинг таъкидлашича, фейхоа нафақат ўзига хос таъми, балки инсон саломатлиги учун зарур бўлган дармондорилар ва шифобахш хусусиятлари, айниқса, ёд моддасига бойлиги билан ажралиб туради.

Бугунги кунда мутахассислар олдида катта мақсад турибди. Яъни бу ўсимликни маҳаллий иқлимга тўлиқ мослаштириш ва уни юртимизда оммалаштиришдир. Ҳозирда ушбу йўналишда фаол илмий ва амалий ишлар олиб борилмоқда.
Умуман олганда, бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар нафақат саноат ҳудудларининг қиёфасини ўзгартиришга, балки келажак авлод учун соғлом экологик муҳит яратишга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА