“Яшил макон” лойиҳасида барча ташкилотлар фаол
Экология ва аҳоли саломатлиги энг долзарб масалага айланиб бораётган ҳозирги шароитда атрофни яшилликка буркаш энг мақбул йўл. Бу борада мамлакатимизда кенг кўламда амалга оширилаётган “Яшил макон” лойиҳаси долзарб аҳамиятга эга.
“Яшил макон” ғояси экологик ташаббус бўлибгина қолмай, ота боболаримиздан мерос удумлар, юксак инсонийлик, табиат билан ошнолик ва маънавий қадриятларимиз билан ҳам уйғун ва ҳамоҳангдир.

“Яшил макон” лойиҳаси натижасида қисқа даврда республикада яшиллик даражаси 8 фоиздан 14,2 фоизга ошди. Энди 2030 йилга қадар мамлакатимизда умумий яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш мақсади кўзланган.
Шу мақсад йўлида барча ташкилот ва идоралар, муассасалар, жамоатчилик вакиллари ерга кўчат қадаб, яшилликка ҳисса қўшиш илинжида ҳаракат қилишмоқда.

Жумладан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши томонидан ҳам кўчат экиш тадбири ўтказилди. Унда партия етакчиси ва Марказий кенгаш ходимлари партия ҳудудидаги бўш майдонларга эзгу мақсад билан кўчат экди.
Халқимизга хос бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик билан ўтказиб келинаётган мазкур лойиҳада партиянинг барча ташкилотлари ва депутатлари фаол иштирок этиб келмоқда.
М.Комилова, ЎзА