Ярим йилда аҳолига 13,1 триллион сўмлик ипотека кредити ажратилди
Мамлакатимизда 42,5 мингдан ортиқ фуқаро уй-жой хариди учун ипотека кредитидан фойдаланди, янги қурилган уйларга талаб юқорилигича қолмоқда.
Ўзбекистонда ипотека бозори 2026 йилнинг биринчи ярмида юқори ўсиш суръатларини намоён этди. Марказий банк маълумотларига кўра, январь–июнь ойларида аҳолига уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун 13,1 триллион сўм ипотека кредити ажратилди. Бу маблағлар ҳисобига 42 минг 575 нафар фуқаро уй-жой билан таъминланиш имкониятига эга бўлди.
Эътиборли жиҳати шундаки, жорий йилнинг дастлабки олти ойида ажратилган ипотека кредитлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кескин ўсди. Хусусан, 2025 йилнинг биринчи ярмида 9,5 триллион сўм ипотека кредити берилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 13,1 триллион сўмга етди. Демак, ипотека бозори ярим йил ичида қарийб 38 фоизга ўсган.
Бу ўсиш бир томондан аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи юқорилигини, иккинчи томондан эса банк тизимида ипотека молиялаштириш ҳажми кенгайиб бораётганини англатади.
Ипотека кредитлари фақат уй-жой сотиб олиш воситаси эмас, балки иқтисодиётнинг бир қатор тармоқларини фаоллаштирувчи муҳим молиявий механизм ҳисобланади. Ажратилган ҳар бир ипотека кредити қурилиш соҳаси, цемент, металл конструкциялар, мебель, маиший техника, транспорт, логистика ва хизмат кўрсатиш тармоқларида ҳам талабни оширади. Шу нуқтаи назардан, 13,1 триллион сўмлик ипотека маблағлари мамлакат ички иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлашда муҳим омиллардан бири бўлди.
Буни таҳлили қиладиган бўлсак, ипотека маблағларининг асосий қисми янги қурилган уй-жойларга йўналтирилганини кўрсатмоқда. 75 фоиз ёки 9,8 триллион сўм бирламчи бозорга, 25 фоиз ёки 3,3 триллион сўм эса иккиламчи бозорга йўналтирилган. Бу рақамлар мамлакатда қурилиш соҳаси ҳануз иқтисодий ўсиш драйверларидан бири бўлиб қолаётганини англатади. Янги уйларга бўлган юқори талаб девелоперлар фаоллигини сақлаб туриб, янги турар-жой мажмуаларини қуришга рағбат яратмоқда.
Бироқ, иқтисодий нуқтаи назардан бу ҳолат уй-жой таклифи билан талаб ўртасидаги мувозанатни доимий назорат қилиб боришни ҳам талаб қилади. Акс ҳолда айрим ҳудудларда нархлар ўсиши кузатилиши мумкин. Кредит олувчиларнинг ёш таркиби ҳам ипотека бозорининг хусусиятларини кўрсатади. 31–50 ёшдагилар 65 фоизни, 18–30 ёшдагилар эса 25 фоизни, 51 ёшдан юқори аҳоли эса 10 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткичлар ипотека кредитлари асосан доимий даромад манбаига эга бўлган, меҳнат бозорида фаол иштирок этаётган аҳоли қатлами ҳисобига шаклланаётганини англатади.
Шу билан бирга, кредит олувчиларнинг 46 фоизини аёллар ташкил этгани ипотека молиялаштиришидан фойдаланиш имкониятлари кенгайиб бораётганини кўрсатади. Ипотека кредитлари ҳажми бўйича мутлақ етакчиликни Тошкент шаҳри эгаллади. Яъни, Тошкент шаҳрига 4 013 миллиард сўм, Андижон вилояти 1 108 миллиард сўм, Қашқадарё вилояти 963 миллиард сўмни, Фарғона вилояти эса 888 миллиард сўмни, Сурхондарё вилояти 834 миллиард сўмни ташкил этади.
Пойтахтдаги юқори кўрсаткичга аҳоли сони, уй-жой нархларининг баландлиги, янги қурилиш лойиҳаларининг кўплиги ва ипотекага талабнинг юқорилиги таъсир кўрсатган. Вилоятларда эса ипотека бозорининг ўсиши қурилиш суръатлари, демографик ўсиш ва аҳолининг даромадлари билан узвий боғлиқ.
Ипотека кредитларининг ўртача фоиз ставкалари қуйидагича шаклланган. Республика бюджети маблағлари 16,8 фоизни, банкларнинг ўз маблағлари эса 20,1 фоизни ташкил этади. Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари 21,6 фоизни ташкил этади.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, 2026 йилнинг биринчи ярми ипотека бозори учун ижобий динамика билан якунланди. Кредитлар ҳажмининг қарийб 38 фоизга ўсиши аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи сақланиб қолаётганини, қурилиш соҳаси эса иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бири бўлиб қолишини тасдиқлайди.
Шу билан бирга, ипотека бозорининг барқарор ривожланиши учун қурилиш ҳажмлари ва уй-жой таклифини мутаносиб ошириш, молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш, хусусий капитал иштирокини кенгайтириш ҳамда аҳоли учун нисбатан арзон ипотека ресурслари улушини кўпайтириш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Ипотека бозоридаги ижобий ўсиш суръатлари сақланса, бу нафақат аҳолининг уй-жой билан таъминланиш даражасига, балки қурилиш, саноат, банк-молия ва хизмат кўрсатиш тармоқларининг барқарор ривожланишига ҳам сезиларли ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ш.Маматуропова,
ЎзА