Япониялик дзюдо мураббийлари Ўзбекистонда иш олиб боради
Мамлакатимизда олимпия спорт тури саналган дзюдони ривожлантириш, маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, мураббий-мутахассислар малакасини ошириш борасида Япония билан ҳамкорлик алоқалари йилдан йилга ривожланмоқда.
Куни кеча Токиода Ўзбекистон дзюдо федерацияси вакиллари Япониянинг Кокушикан университети раҳбарияти билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масаласида ўтказган музокара ва келишувларга кўра, мамлакатимиз ҳудудларида япониялик дзюдо мураббийлари юртимиз ёшларига машғулотлар олиб бориш тизими йўлга қўйилади.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси мутахассиси Бахтиёр Юлдашев ва Сурхондарё вилояти дзюдо федерацияси раиси Тўлқин Валиев, Кокушикан университети дзюдо мураббийлари, профессор Хитоси Фурута, Жисмоний тарбия факультети катта устози Ясутака Нарита ҳамда университет Халқаро алоқалар бўлими вакили Рико Мукай иштирок этган учрашувда ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, мураббийлар ва спортчилар ўртасида тажриба алмашиш, мамлакатимиз ҳудудларида ишлаш учун япониялик мутахассисларни жалб қилиш бўйича бир қатор келишувларга эришилди.
Т.Рўзиев, ЎзА