Япониянинг Васеда университети ва бир нечта хусусий компаниялар ҳамкорликда янги авлод қутқарув роботини ишлаб чиқмоқда. Кёдо ахборот агентлигининг ёзишича, бу роботларнинг баландлиги 3 метр, оғирлиги эса 300 килограммни ташкил этади. Улар соатига 5 километр тезликда ҳаракатлана олади ва 100 килограммдан ортиқ юк кўтаришга қодир бўлади.
Лойиҳанинг асосий мақсади – Япония тез-тез дуч келадиган табиий офатлар, жумладан, зилзилалар ва тўфонлардан сўнг вайрон бўлган ҳудудларда қутқарув ишларини тез ва самарали амалга оширишдир. Бундай роботлар оғир юкларни кўтариб, хавфли ҳудудларга инсон ҳаётини хавф остига қўймасдан кириш имконини беради.
Шунингдек, роботлар масофадан туриб бошқарилиши ва турли сенсорлар билан жиҳозланиши режалаштирилган. Бу эса уларнинг ноқулай ва хавфли муҳитларда мустақил ёки яримавтоматик тарзда ишлашига имкон беради.
Синов учун мўлжалланган илк модел 2026 йил охиригача тайёр бўлади. Агар синовлар муваффақиятли ўтса, 2029 йилгача оммавий ишлаб чиқариш босқичи бошланади. Мутахассислар бу технологияни нафақат Японияда, балки бошқа табиий офатларга мойил ҳудудларда ҳам самарали қўллаш мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Япония робототехника соҳасида катта тарихга эга.
1973 йилда Васеда университети томонидан яратилган WABOT-1 дунёдаги илк икки оёқли, инсонга ўхшаш робот ҳисобланади. Кейинчалик, машҳур Ҳонда компанияси ASIMO роботлари орқали бу йўналишда етакчиликни давом эттирган. Аммо бугунги кунда ҳали ҳам инсон ўрнини тўлиқ босувчи қутқарув роботлари мавжуд эмас. Ушбу лойиҳа бу бўшлиқни тўлдириш йўлида муҳим қадам бўлиши мумкин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Z1QiYSfqJDE?si=WrCF70ZJ6T0FLTvM" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мадинабону Насриева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА