Японияда янги амалиёт: шаҳар мэри учун биринчи бор туғруқ таътили тартиби жорий этилди
Япониянинг ғарбий қисмида жойлашган Явата шаҳри мэри Шоко Кавата мамлакат тарихида лавозимда ишлаб турган ҳолда туғруқ таътилига чиққан илк шаҳар раҳбари бўлди. Бу қарор халқаро оммавий ахборот воситалари эътиборини тортди ва ўлка ичида турлича муносабатларга сабаб бўлди.
Унинг таъкидлашича, шаҳар ҳокимлиги ходимлари учун 16 ҳафталик туғруқ таътили белгиланган бўлса-да, мэр лавозими учун бундай тартиб умуман мавжуд эмас эди. Шу сабабли маҳаллий ҳокимият биринчи марта махсус тартиб ишлаб чиқишга мажбур бўлган.
Мэр туғруқ таътили олдидан қатнашган сўнгги тадбирлардан бири Явата Тайко фестивали бўлди. Анъанага кўра шаҳар раҳбари кўчма синто ибодатхонаси — микоши устида ҳаракатланиши керак эди, аммо ҳомиладорлиги сабабли Кавата маросим давомида унинг ортидан пиёда юрди. Унинг сўзларига кўра, раҳбарлик лавозимидаги инсонлар ҳам фарзанд кўришдан қўрқмайдиган муҳит яратилмаса, аҳоли сонининг қисқариши ва иқтисодий муаммолар янада кучаяди.
Ижтимоий тармоқларда айрим фойдаланувчилар мэрни “ишлаш ўрнига таътилга чиққанлик”да танқид қилган бўлса, аксарият Явата аҳолиси унинг қарорини қўллаб-қувватлади. Баъзи фуқаролар Каватанинг таътил даврида ҳам тўлиқ иш ҳақи олишига эътироз билдирди.
Жаҳон иқтисодий форумининг сўнгги Гендер тенглиги индексига кўра, Япония 148 давлат орасида 118-ўринни эгаллаган бўлиб, сиёсий ваколатлар соҳасидаги кўрсаткичлар эса ўлкада гендер тенглиги билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам долзарблигича қолаётганини кўрсатади.
Мусулмон Зиё, ЎзА