Япония телеканали Ўзбекистон ҳақида ҳужжатли фильм суратга олмоқда
Япониянинг машҳур “The Global Train Journey” телелойиҳаси ижодий жамоаси Ўзбекистон бўйлаб саёҳат ҳақида ҳужжатли дастур суратга олмоқда. Лойиҳа Туризм қўмитаси ва Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
“The Global Train Journey” — Япония миллий телерадиокомпанияси NHKнинг NHK BS канали орқали намойиш этиладиган оммабоп дастурлардан бири ҳисобланади. Унда таниқли япониялик телебошловчи поездда турли мамлакатларга саёҳат қилиб, халқларнинг маданияти, анъаналари ва кундалик ҳаёти билан танишади ҳамда маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилади. Дастурнинг ҳар бир сони қарийб бир миллион томошабинни жамлайди.

Лойиҳанинг асосий мақсади Буюк Ипак йўлининг темир йўл йўналиши орқали Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти, меъморчилиги, миллий анъаналари ва замонавий ҳаёти ҳақида ҳужжатли фильм тайёрлашдан иборат.

Суратга олиш ишлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Нукус шаҳарларида олиб борилмоқда. Дастурдан темир йўл вокзаллари, “Афросиёб” тезюрар поезди, “Шарқ” поезди, Тошкент метроси, шаҳар манзаралари, тарихий обидалар ҳамда анъанавий шарқ бозорлари ўрин олган.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, дастур эфирга узатилиши орқали япониялик томошабинлар Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, маданий мероси ва замонавий ҳаёти билан янада яқиндан танишиш имконига эга бўлади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА