Япония қурол харидини камайтирмоқчи
Япония ҳукумати мудофаа саноати компанияларини келгуси йилларда ҳарбий техника ва қурол-яроқ хариди бўйича буюртма камайиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Молия вазирлиги 2027 йил апрелидан бошланадиган беш йиллик давр учун мудофаа харажатини 50-60 триллион иена миқдорида белгилаш таклифини илгари сурган. Бу айрим ҳарбий мансабдорлар ва ҳукмрон Либерал-демократик партия вакиллари кутган 80 триллион иенадан анча кам.
“Рейтер” агентлиги манбаларига кўра, чеклов айрим ракета ва самолётлар, жумладан АҚШда ишлаб чиқариладиган F-35 қирувчи самолётлари учун буюртма 50 фоизгача қисқариши мумкин. Ўзгариш учувчисиз учоқлар харидига таъсир қилмаслиги айтилган. Молия вазири Сацуки Катаяма ҳозирча сарф миқдори бўйича якуний қарор қабул қилинмаганига урғу берди.
Таклиф этилаётган пул миқдори кун чиқар юрт мудофаа харажатини ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизига етказиш мақсадига мос келмайди. Ҳукумат Хитойнинг ҳарбий салоҳияти ортиб бораётгани ва Тайвань атрофидаги эҳтимолий можаро хавфи сабаб қуролли кучларни мустаҳкамлашни режалаштирган. Озиқ-овқат маҳсулотларига солиқни камайтириш ташаббуси бюджет даромадини йилига 4,3 триллион иенага қисқартиради. Шу боис мудофаа бюджети юзасидан ҳукумат ва ҳукмрон партия орасида баҳс кучайиши кутиляпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА