Япония қишлоқ хўжалиги вазири Таку Это чоршанба куни гуруч ҳақидаги гаплари сайловчилар ва қонунчиларнинг танқидига учраганидан сўнг истеъфога чиқди.
“Азертаж” хабарига кўра, ОАВда унинг дам олиш кунлари бўлиб ўтган сиёсий маблағ йиғиш кечасида тарафдорларининг совғалари туфайли “ҳеч қачон гуруч сотиб олишга мажбур бўлмаганини” айтган сўзлари ҳақида хабарлар пайдо бўлгач, Это қийин аҳволга тушиб қолган.
Бу шарҳ озиқ-овқат маҳсулотларининг юқори нархларидан ғазабланган сайловчиларнинг танқидига сабаб бўлди, деб хабар беради “Reuters”.
– Фуқаролар гуруч нархининг кескин кўтарилишидан азият чекаётган бир пайтда мен ўта ноўрин сўз айтдим, - деди Это ўз истеъфосини топширгандан сўнг журналистларга.
Гуруч нархининг ўтган йилга нисбатан икки баравар ошиши кўп йиллик дефляцияга ўрганиб қолган ва инфляцияга мос иш ҳақининг доимий пастлигидан азият чекаётган япон сайловчиларининг асосий ташвишига айланди.
Март ойидан бери ҳукумат нархларни “жиловлаш” учун фавқулодда захирадаги гуручни сотмоқда, аммо бу унчалик фойда бермаяпти.
М.Пирматова, ЎзА