Қарор ва ижро
Президентимизнинг 2021 йилнинг 25 майдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент вилоятига соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги бирламчи тиббий-санитария муассасаларига 50 турдаги дори дармон ва 16 турдаги тиббий буюмлар хариди учун 1 миллиард 969 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилган.
Бугунги кунда мазкур маблағлар ҳисобидан жойлардаги бирламчи тиббий-санитария муассасалари яъни марказий кўп тармоқли поликлиникалар, шаҳар ва кишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктларига зарур дори-дармон ва тиббий буюмлар етказилиб, аҳолига тарқатиляпти.

Мазкур жараёнлар билан яқиндан танишиш мақсадида Тошкент вилояти ва Янгийўл тумани ҳокимликлари ахборот хизмати, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб тумандаги Марказий кўп тармоқли поликлиника фаолияти билан танишилди. Бу ерда 200 минг нафардан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатилади. 50 турдан ортиқ тор доирадаги мутахассислар ва тиббиёт ходими аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Тумандаги ногиронлиги бўлган беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича барча шароит яратилган.
Бу ерда коронавирусга қарши вакцина олиш учун барча шароит яратилган. Хусусан, жорий йилнинг 3 август ҳолатига 3 минг нафардан ортиқ аҳоли эмланди. Жойларда ташкил этилган тиббий мобиль бригадалар томонидан турли корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда аҳоли вакцина билан эмланяпти.
Ҳозирги пандемия даврида COVID-19га чалинган беморларга хизмат кўрсатиш мақсадида жойлардаги 10 та даволаш профилактика муассасалари фаолият юритяпти. Уларнинг ҳар бирида зарур дори жамланмалари тарқатилган бўлиб, шамоллаш аломатлари бор бўлган, каронавирусга чалинган беморларга тегишли тартибда дорилар тарқатилади.
– Илгари беморларга дори-дармонлар рецепти ёзиб берилар эди, – дейди Янгийўл туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси координатори Нигора Йўлдошева. – эндиликда яратилган қулайиклар туфайли шифокорлар кўригидан ўтган беморларнинг тиббий картасига қайд этилган ҳолатда, сурункали, шошилинч бўлмаган ҳолатларда дорилар тарқатилмоқда. Бу жараёнлар назоратга олинган. Бундан аҳоли мамнун. Сабаби, кўп йиллардан бери дориларни ўзлари сотиб олар эди. Айрим оилаларнинг бунга ҳар доим ҳам имконият йўқ.

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Янгийўл тумани Тиббиёт бирлашмасида бўлиб, каронавирусга чалинган беморларни даволаш бўйича олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди.
Мазкур шифохона 200 ўринли бўлиб, хусусан, юқумли касалликлар бўлими, ҳомиладорлар ва болалар бўлимлари ташкил этилган. Беморлар ётадиган ҳар бир хона махсус кислород аппаратлари билан таъминланган.
Туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Санжар Умирзоқовнинг таъкидлашича, барча дори-дармонлар жамғарилган бўлиб, беморларга тиббий текширув асосида бериляпти. Ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, бир кунда 30-40 нафар коронавирус, шамоллаш калаллигининг турли асоратларига чалинган беморлар қабул қилиняпти. Шифо топган фуқароларга тегишли тавсиялар берилиб, уйларига жавоб бериляпти.
Навбатдаги манзил ҳудуддаги 70-сонли оилавий поликлиника қошида ташкил этилган туман тиббиёт бирлашмасининг COVID-19 махсус поликлиникаси бўлди. Бу ерда 40 минг нафардан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатилади. Ҳудуддаги 14 та маҳаллага умумий амалиёт шифокорлари ва патронаж ҳамширалар бириктирилган бўлиб, жойларда тез тиббий ёрдам мобиль бригадалари томонидан коронавирусга қарши вакцина билан эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан бир кунда 200 нафарга яқин аҳоли эмланган.
– Кузатувларимизга кўра, ҳудудимизда ўрта ёшлардаги инсонларда COVID-19 билан касалланиш кузатиляпти, – дейди олий тоифали шифокор Гулноза Абдуллаева. – Айниқса, карантин талабларига риоя қилинмагани, эътиборсизлик ва вақтида шифокор кўригидан ўтилмаётгани беморларнинг кўпайишига олиб келяпти. Шуни эътиборга олган ҳолда мунтазам равишда тарғибот ишларини олиб боряпмиз.
COVID-19 махсус поликлиникасига келаётган беморларнинг сатурацияси текширилиб, кислород концентратори уланади. Шифокорлар томонидан тегишли тартибда ренган қилинганидан сўнг, шу асосида тегишли муолажалар қилинади. Бу ерда кунига 40 тадан 70тагача беморлар қабул қилинмоқда. Хусусан, Оққўрғон, Чиноз, Ўрта Чирчиқ туманларидан ҳам фуқаролар мурожаат қилади. Барча хизматлар бепул амалга ошириляпти.
Абдулазиз Мусаев, Аброр Эсонов(сурат), ЎзА