Янгиқўрғонлик ҳунарманд маҳсулотлари хорижга йўл олмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида яшовчи ҳунарманд Мавлуда Сарманова 40 йилдан буён тўқувчилик билан шуғулланиб келади. Айни пайтда у тумандаги “Келажак” марказида ёшларга ҳунар сирларини ўргатмоқда.
Ҳунарманд табиий толалардан тайёрланган ранг-баранг иплардан фойдаланиб, кийим-кечак, миллий қўғирчоқлар, юмшоқ ўйинчоқлар, пойабзал, сумка ҳамда турли декоратив буюмлар каби 30 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар тайёрлайди.
[gallery-3761]
Мавлуда Сарманованинг қўл меҳнати намуналари халқаро фестивалларда ҳам намойиш этилган. Миллий қўғирчоқларга хорижлик меҳмонларнинг қизиқиши натижасида унинг бир қатор коллекциялари Туркия, Ҳиндистон ва Қозоғистонга сотилган.
У буюртмалар асосида турли ташкилотлар учун юмшоқ ўйинчоқлар ҳам тайёрлайди. Мазкур фаолиятдан ойига 10 миллион сўмдан ортиқ даромад олмоқда.
Ҳунарманднинг навбатдаги мақсади — эртак қаҳрамонлари ва миллий қўғирчоқлар жамланган мўъжаз ўйинчоқлар дўконини ташкил этиш. Бу орқали у ўз маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, шогирдларининг ижодий ишларини намойиш этиш ва сотиш учун янги имконият яратишни режалаштирган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА