Германияда яшовчи юртдошларимиз Ўзбекистон аҳолисига ва ўз яқинларига эзгу ниятларини йўллади.

Алишер Қодиров, Германиянинг Берлин шаҳридаги бошланғич синфлар мактаби ўқитувчиси:
– 2023 йил мен учун жуда омадли йил бўлди. Энг катта ютуқларимдан бири бу йилда мен ота-онамни Германияга таклиф қилишга ва уларга бу мамлакатни яқиндан таништириш бахтига муяссар бўлдим. Бу мен учун катта муваффақият, деб ҳисоблайман.
Ўйлайманки, янги кириб келган 2024 йилда янада катта ютуқларга эришамиз. Жонажон ватандошлар, сизларни 2024 йил билан чин дилдан табриклайман. 2024 йил юртимиз, Ватанимиз учун янада самарали ва манфаатли йил бўлади, деган умиддаман. Барчангизни янги йил билан муборакбод этаман!

Фазилат Саидова, немис тили ўқитувчиси:
– Бугунги кунда мен Германиянинг Саксония федерал ери Радеберг шаҳрида жойлашган Гумбольдт гимназиясида ўқитувчи сифатида фаолият олиб боряпман. Шу билан бирга педагогика-методика соҳасида малака оширмоқдаман.
Германия ва Ўзбекистон ўртасида ҳозирги кунда таълим йўналишида кўплаб дастурлар мавжуд. 2023 йилда Германиянинг Педагогик алмашувлар хизмати грант дастури соҳиби бўлишга муяссар бўлдим. 2024 йилда ватандошларимизга ҳар бир ишларида куч-қувват, муваффақиятлар тилайман. Шунингдек, Ўзбекистон ривожланиши йўлидаги ислоҳотлари янада юксалишини тилаб қоламан!

Асадулла Қодиров, нафақахўр:
– Ассалому алайкум ватандошлар, оғайни-қариндошлар! Ўзбекистон – Германия ўртасида дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Икки давлат ўртасида иқтисодий, маданий соҳаларда кўплаб келишувларга эришилмоқда ва булар ҳаётда ўз аксини топмоқда. Ёшларга яратилган шароитлар туфайли фарзандларимиз дунёнинг турли мамлакатларида таълим олмоқда, фаолият олиб бормоқда.
Бизга ҳам уларнинг ютуқлари натижасида бу юртларга келиш насиб этди ва 2024 йилни бу йили Германияда кутиб олмоқдамиз. Юртдошларимизни кириб келаётган Янги йил билан табриклаймиз. Барчага муваффақият, соғлик-саломатлик тилаймиз. Янги йил барчага омадли бўлсин!

Иброҳим Халилов, Халле шаҳри дуал касбий таълим муассасаси талабаси:
– Ассалому алайкум, азиз ҳамюртлар! Сизларни кириб келган Янги йил билан табриклайман. 2024 йил оилангизга қут-барака, соғлик ва янги муваффақиятлар олиб келсин.
Ҳозирги кунда Германиянинг Халле шаҳрида дуал касб таълими дастури бўйича таҳсил оламан. Мақсадим эса бу ерда таҳсил олиб, Янги Ўзбекистонимиз равнақига ҳисса қўшишдир.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА