Муносабат
Янги йилнинг дастлабки кунлар. Одам ўзини йўл бошида тургандек ҳис қилади. Янги-янги, нурли манзиллар кўнгилга тугилади. Яхши ниятлар билан, аниқ режалар асосида бошланган иш хайрли бўлади. Ҳамма, илоҳим, эзгу ниятлари рўёбини кўрсин.
Ортда қолган йил элмиз учун ҳар жиҳатдан баракали бўлди. Эртамиз ундан ҳам нурли бўлсин. Ёши улуғлар дастурхон атрофида дуога қўл очади. Янги йил ҳам яхшиликларга бой бўлишини, фарзандлар камолини кўришни, дастурхонлар тўкинлинигини тилайди.
Халқнинг ўй-фикрлари ва мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг уйғунлашуви юксак натижаларни кафолатловчи омиллардан бири саналади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига йўллаган Янги йил табриги катта қувонч билан қабул қилинди. 2024 йилнинг мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилингани эса барча соҳа вакиллари томонидан олқишланди.

Янги йил шукуҳи кезиб юрган шу кунларда баъзи юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазалари, янги йилдаги режалари билан қизиқдик.
– Янги йилга берилган номга эътиборингизни қаратмоқчиман, – дейди Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов. – Ёшлар эртасига дахлдор жиҳатларга янгиланган Конституциямизда алоҳида эътибор қаратилган. Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши кафолатланди. Уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этиши рағбатлантирилади. Шунингдек, ёшларимизнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш аниқ белгиланган. Бизнесни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам бош қомусимизда алоҳида моддалар мавжуд. Бу юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар бардавомлигини, узоқни кўзлаб олиб борилаётган хайрли ишлар ўзининг юксак натижаларини беришини англатади.
Дарҳақиқат, Бош қомусимизда фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши келтирилган. Ҳужжатда давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлаши қайд этилган.
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг асосий ғоялари қаторига ҳам барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш масаласи киритилган.
– Янги йилга берилган номда мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг узвий давомини кўрдик, – дейди сирдарёлик тадбиркор, “Дўстлик” ордени соҳиби Барчиной Усмонова. – Кейинги йилларда юртимизда тадбиркор аёлларга кенг имконият ва имтиёзлар берилмоқда. Мен ана шу қулай бизнес муҳитидан самарали фойдаланаётганлардан бириман. Лойиҳаларим, ютуқларимдан ёшларни ҳамиша хабардор қилишга ҳаракат қиламан. Ёлғиз отнинг чанги чиқмас дейишади. Ишларимиз кўзга кўриниши, янги-янги иш ўринлари яратилиши учун сафимиз янада кенгайиши керак. Йилни куч-ғайрат билан бошладик. Истиқболда режаларимиз катта.
Иқтисодиётнинг энг тез ўсиб бораётган йўналишларида амалий тадқиқотларни кучайтириш, «корхона — олийгоҳ — илмий ташкилот» кластер тизимини жорий этиш «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг муҳим мақсадларидан саналади. Иқтисодиёт тармоқларининг «драйвер» йўналишларида 850 турдаги инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўзда тутилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
– Стратегияда ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ишсизлик даражасини камайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилган, – дейди жиззахлик тадбиркор, “Шуҳрат” медали соҳиба Акмал Аҳмедов. – Бу ҳужжатда тўрт юз минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш ва муаммоларини ҳал этишга эришиш мақсад қилинган. Мана шу йўналишга ўзимни дахлдор санайман. Давлатимизнинг раҳбарининг халқимизга Янги йил табригини тинглар эканман, истиқболдаги режаларим янада равшанлашди. Бугунги кунда автомобилларга хизмат кўрсатиш, бунёдкорлик, балиқчилик, иссиқхона йўналишида фаолият олиб борамиз. Тадбиркорлик субъектимиз тизимида ҳозирги кунда уч юзтагача доимий иш ўрни яратилган, тўрт юзта мавсумий ишчиларимиз бор. Янги йилда доимий ишчиларимиз сонини мингтага етказиш ниятидамиз.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатимизда ўтган йили юқори технологик замонавий саноат корхоналари, логистика ва инфратузилма тармоқлари, боғча ва мактаблар, маданият ва спорт объектлари барпо этилди. Янги-янги иш ўринлари очилди. Аҳоли яшаш манзиллари обод бўлмоқда. Бу эзгу ишлар янги йилда ҳам изчил давом этишидан халқимиз мамнун.
Икром Аввалбоев, ЎзА