Чирчиқ шаҳрида охирги йиллар янги объектлар қуриш, мавжудларини капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда замонавий тарзда жиҳозлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, Қуёш маҳалласида жойлашган 24-сонли умумтаълим мактаби учун янги қурилган қўшимча бино Янги йил байрами олдидан ўқувчиларга муносиб туҳфа бўлди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда шаҳар ҳокими Муроджон Абдураҳимов, сектор раҳбарлари ҳамда мутасаддилар, ҳудуд фаоллари иштирок этди.
Қурилиш-таъмирлаш ишлари туфайли ўқув даргоҳида қўшимча 540 ўринли янги ўқув биноси қад ростлади. Бу эса ота-оналар, айниқса, ўқувчиларга хурсандчилик улашди. Боиси, илгари мактабда синф хоналари етишмаслиги оқибатида дарс жараёнлари икки сменада ташкил этилар, бу эса, табиийки ўқувчилар, уларнинг устозлари учун ҳам кўплаб ноқулайликлар туғдирар эди. Ушбу бунёдкорлик ишларига 5 миллиард 210 миллион сўм сарфланиб, ўқувчиларнинг замон талаблари асосида билим олишларини таъминловчи шароит муҳайё этилди.
Шунингдек, “Чинор” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳомийлик асосида қурилган икки қаватли “Ғунча” давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида қайд этилганидек, мактабгача таълим ташкилотларини замон талаблари даражасида юқори савияда ташкил этиш, зарур анжомлар, малакали кадрлар билан таъминлаш етук, баркамол келажак авлодни тарбиялашда муҳим омил бўлади.
Янги қурилган муассасада гуруҳ ва санитария-гигиена хоналари, тиббиёт хонаси, мусиқа зали, алоҳида ошхона, умумий овқатланиш зали ва ўйин майдончалари барпо этилган. Мактабгача ёшдаги болаларнинг жисмоний, ақлий, шахсий ривожланиши учун барча шароитлар мавжуд. Ушбу МТТга 360 нафар болалар қабул қилиниб, белгиланган давлат талаблари ва дастур асосида, малакали мутахассислар томонидан таълим-тарбия берилади.
Мактабгача таълим ташкилотининг ташкил этилиши чинорликларнинг чексиз қувончига сабаб бўлди. Замонавий жиҳозларга эга бинода яратилган шароитлардан кенг фойдаланган ҳолда болаларнинг ёши, қизиқиши ҳамда қобилиятидан келиб чиқиб, спорт, мусиқа, тил ўргатиш, расм тўгараклари йўлга қўйилди.
Жорий йилда инвестиция дастури доирасида Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги 61 та таълим ташкилотларида қурилиш таъмирлаш ишлари олиб бориш учун жами 393 миллиард сўм маблағ ажратилди. Жумладан, 45 та умумтаълим мактабига 301,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, қўшимча 15 628 ўқувчи ўрни яратилди. Ўз навбатида 16 та давлат мактабгача таълим ташкилотига 91,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, қўшимча 2 минг 550 қувват яратилди.
Дастур доирасида қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилган 45 та умумтаълим мактаби, 16 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари тўлиқ жиҳозланди. Бундан ташқари, вилоятдаги барча умумтаълим мактабларига 7 номдаги мусиқа ҳамда 5 номдаги бирламчи спорт жиҳозлари етказиб берилди.
А.Мусаев, ЎзА.