Янги трансформатор пунктлари олиб келинди ва бу давом этади
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида паст кучланишли электр тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилда махсус дастурлар асосида Қорақалпоғистонда жами 818,4 километр 0,4-10 кВ электр узатиш тармоғи, 219 дона трансформатор пункти, 7 дона ячейка ҳамда 8 дона тақсимлаш пунктини (РП) реконструкция ва модернизациялаш ишларини олиб бориш режалаштирилган. Шундан, бугунги кунга қадар амалда 212,8 километр электр узатиш тармоғи ва 23 дона трансформатор пункти ўрнатилиб, қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг махсус топшириғига асосан 2025-2029 йиллар оралиғида Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятида Жаҳон банкининг 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағи ҳисобидан паст кучланишли 0,4-110 кВ тармоғини модернизация ва реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳа доирасида 2026 йили 102,2 миллиард сўмга яқин маблағ ҳисобидан Қорақалпоғистонда 462,5 километр электр узатиш тармоғи, 8 дона тақсимлаш пункти (РП), 6 дона ячейка ва 118 дона трансформатор янгидан ўрнатилиши белгиланган. Бугунги кунда объектларнинг лойиҳа-смета ишлари якунланиб, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун зарур материаллар тўпланмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасидаги ишлар натижасида Қорақалпоғистонга 8 дона трансформатор пунктлари олиб келинди. Яқин кунларда яна 110 та трансформатор олиб келинади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.