Янги Тошкент лойиҳаси — Ўзбекистоннинг энг йирик ва истиқболли урбанизацион ташаббусларидан бири бўлиб, у нафақат шаҳар инфратузилмасини замонавийлаштириш, балки яшил ва экологик барқарор ҳудудлар яратиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда инновацион технологияларни жорий этиш орқали йирик инвестицияларни жалб этишга хизмат қилади.
Ушбу лойиҳа келажак авлодлар учун қулай, яшаш учун мўътадил ва замонавий шаҳар муҳитини шакллантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Янги Тошкентда яшил қурилиш концепциясини жорий этиш Ўзбекистоннинг иқлим барқарорлиги стратегиясининг муҳим таркибий қисмидир. Шаҳарни барқарор ривожлантиришда энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи манбалардан фойдаланиш устувор йўналиш ҳисобланади.
Янги Тошкент дирекцияси ахборот хизмати раҳбари Шаҳноза Нурматованинг АОКАда бўлиб ўтган брифингда таъкидлашича, шаҳарнинг энергия таъминоти деярли 100 фоиз қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланади. Биринчи босқичда пахта пояларидан ишлаб чиқариладиган биоёқилғи асосидаги тригененерация қурилмаси ишга туширилади. Бу иншоот 50 МВт иссиқлик ва 27 МВт электр энергияси билан таъминлайди. Қуёш электр станциялари ва гидроелектр қувватлари орқали шаҳарга 1 ГВт дан ортиқ яшил энергия етказиб берилади.
– Энергия узлуксизлигини таъминлаш мақсадида йирик энергия сақлаш тизимлари ўрнатилади, – деди Ш.Нурматова. – Янги Тошкентда бинолар энергия ва сув истеъмолини 20-30 фоизга қисқартириш орқали анъанавий бинолардан самаралироқ бўлади. Энергия самарадорлиги туфайли йилига 900 миллион кВт-соат электр энергияси, сув тежаш технологиялари туфайли эса 4 миллион кубометр сув иқтисод қилинади.
Қайд этилишича, Янги Тошкентда инсон манфаатларига йўналтирилган дизайн концепцияси татбиқ этилади. Бу ёндашув аҳолига қулай ва хавфсиз яшаш муҳитини яратишга хизмат қилади. Шаҳар аҳолиси зарур хизматлардан пиёда ёки велосипедда 15 дақиқа ичида фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу маҳалла тизимини замонавий “15 дақиқалик шаҳар” концепцияси билан бирлаштиришни кўзда тутади. Шаҳарда транспорт тизими инсон эҳтиёжларига мос равишда шакллантирилади. Шахсий автомобилга бўлган эҳтиёжни камайтириш учун жамоат транспорти, пиёдалар ва велосипед йўлаклари ривожлантирилади. Турли транспорт воситаларининг уйғунлиги аҳолига ҳаракатланиш эркинлигини таъминлайди. Лойиҳа доирасида биринчи босқичда ернинг 30 фоизи яшил парк ва хиёбонлар учун ажратилади. Биноларда яшил том технологияси жорий этилиб, уларнинг жазирама ёз кунларида салқинликни сақлашига хизмат қилади. Бу инновацион ечим шаҳарнинг иқлимий барқарорлигини оширади ва энергия тежамкорлигини таъминлайди. Янги Тошкентда халқаро эътироф этилган яшил қурилиш стандартлари татбиқ этилади. Бу нафақат экологик жиҳатдан самарали, балки халқаро инвесторларга ҳам жозибадор шаҳар муҳитини яратади.
Янги Тошкент нафақат пойтахт инфратузилмасини ривожлантириш, балки келажак учун барқарор яшил шаҳар яратиш йўлидаги муҳим қадамдир. Экологик тоза, энергия ва сувни тежайдиган, замонавий яшаш муҳитини яратишга қаратилган лойиҳа халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва йирик инвестицияларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этади. Яшил шаҳарлар келажак авлодлар учун хавфсиз, қулай ва иқтисодий жиҳатдан самарали ҳаёт тарзини таъминлайди. Шу боис, Янги Тошкент лойиҳаси Ўзбекистоннинг урбанизацион ривожланишида пешқадам бўлишига ишонамиз.
Моҳигул Қосимова, ЎзА