Кўчмас мулк учун солиқ базаси бозор қиймати асосида аниқланади
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 майдаги 253-сон қарори билан “Солиқ базасини айрим товарларнинг бозор нархидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Мазкур низом Солиқ кодексига мувофиқ кўчмас мулк объектлари ҳамда ёғоч маҳсулотлари бўйича солиқ базасини бозор қиймати асосида аниқлаш тартибини белгилайди.
Ҳужжатга кўра, агар солиқ тўловчи томонидан ҳисоб ҳужжатларида кўрсатилган товар нархи бозор нархидан 20 фоиздан ортиқ паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасини бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда қайта ҳисоблайди.
Солиқ базасини аниқлашда таққосланадиган бозор нархлари усулидан фойдаланилади. Кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати эса ваколатли орган томонидан оммавий баҳолаш асосида белгиланади.
Шунингдек, солиқ органлари бозор нархларини аниқлашда нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими, аукцион ва давлат харидлари платформалари, сотувчиларнинг нархномалари ҳамда бошқа расмий манбалар маълумотларидан фойдаланиши мумкин.
Низомга мувофиқ, товарларнинг бозор нархи биржа савдоларида сотилаётган айнан ўхшаш ёки бир турдаги товарлар нархлари асосида белгиланади.
Мазкур тартиб солиқ тизимида очиқликни таъминлаш, сунъий нарх ўзгаришларининг олдини олиш ва адолатли рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА