Янги Тошкент халқаро аэропорти лойиҳаси: экологик экспертиза масалалари халқаро мутахассислар иштирокида муҳокама қилинди
Янги Тошкент халқаро аэропортини барпо этиш лойиҳасида экологик хавфсизлик ва халқаро стандартларга мувофиқлик устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Давлат экологик экспертизаси марказида Ўзбекистон, Япония ва Корея Республикаси мутахассислари иштирокида ишчи учрашув ўтказилиб, лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш ҳамда давлат экологик экспертизасини ўтказиш тартиблари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда Давлат экологик экспертизаси маркази раҳбарияти ва мутахассислари, “UzAirports” АЖ вакиллари, шунингдек, Япония ҳамда Корея Республикасининг компания ва ташкилотлари мутахассислари қатнашди.
Мулоқот давомида атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш (АМТБ) ҳужжатларини тайёрлаш жараёни, уларни давлат экологик экспертизасидан ўтказишнинг миллий тартиб-таомиллари, халқаро экологик ва ижтимоий талаблар ҳамда лойиҳани амалга оширишдаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, экологик ва ижтимоий бошқарув тизимини халқаро молия институтлари талаблари асосида такомиллаштириш, лойиҳа ҳужжатларини халқаро меъёрларга мувофиқ ишлаб чиқиш, давлат экологик экспертизаси жараёнларини янада самарали ташкил этиш ва манфаатдор томонлар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида иштирокчилар Янги Тошкент халқаро аэропорти қурилишида экологик хавфсизликни таъминлаш, замонавий экологик ва ижтимоий талабларни тўлиқ жорий этиш ҳамда стратегик аҳамиятга эга мазкур лойиҳани халқаро стандартлар асосида амалга ошириш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини таъкидлади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА