“Янги Тошкент” ва стратегик ҳамкорлик
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Т.Алиматов Хитой Халқ Республикасининг Гонконг маъмурий ҳудуди делегацияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш, икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда вазир ўринбосари Т.Алиматов давлат раҳбарлари томонидан юритилаётган очиқ, прагматик ва конструктив ташқи сиёсат натижасида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона муносабатлар изчил ривожланиб, янги мазмун билан бойиб бораётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда мамлакатимизда қурилиш соҳасини модернизация қилиш, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда “ақлли шаҳар” тамойилларини амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, соҳада сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, энергия тежамкор ва экологик тоза қурилиш материалларини кенг жорий этиш ҳамда замонавий бошқарув тизимларини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистон томони хорижий инвесторлар билан очиқ ва шаффоф мулоқотни давом эттириш, улар учун барқарор ва қулай инвестиция муҳитини янада кенгайтиришга тайёр эканини билдирди. Шу билан бирга, мамлакатда амалга оширилаётган йирик инфратузилма лойиҳалари, жумладан “Янги Тошкент” концепцияси доирасидаги бунёдкорлик ишларида Хитой компанияларининг иштироки масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, Хитой делегацияси раҳбари Гао Хонгву Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жадал суръатларда ривожланаётган инвестиция муҳити ҳамда очиқ иқтисодий сиёсат хорижий ҳамкорлар учун катта имкониятлар яратаётганини таъкидлади. У шунингдек, истиқболда қурилиш соҳасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, амалий лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда ўзаро тажриба алмашинувини кучайтириш бўйича келишувга эришди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА