Янги Тошкент ва ҳудудларда йирик шаҳарсозлик лойиҳаларига кенг имтиёзлар берилади
Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда инвестициявий жозибадорликни ошириш, йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда маъмурий тўсиқларни бартараф этишга қаратилган Президент фармони қабул қилинди.
2026 йил 11 ноябрда қабул қилинган ушбу ҳужжатга кўра, махсус ҳудудларда йирик лойиҳалар учун “тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими жорий этилиб, инвесторларга қатор муҳим солиқ имтиёзлари ва преференциялар тақдим этилади.
Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ҳамда туризм салоҳиятини ошириш учун қиймати 50 миллион АҚШ доллари ва ундан ортиқ бўлган йирик шаҳарсозлик лойиҳалари ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги маъмурий тўсиқлар ва бюрократик ғовлар бартараф этилади.
Шунингдек, мазкур фармон иловасида белгиланган ҳудудларда (махсус ҳудудлар) шаҳарсозлик соҳасидаги йирик инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича “тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими жорий этилиши белгиланди.
Фармонга кўра, махсус ҳуқуқий режим доирасида “давлат – инвестициявий шерик” тамойили асосида имтиёз ва преференциялар тақдим этилади.
Инвестиция ҳажми камида 50 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган шаҳарсозлик лойиҳалари доирасида фойдаланиладиган объектлар бўйича юридик шахслар 20 йил муддатга мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод этилади.
Шаҳарсозлик лойиҳасини амалга ошириш доирасида бош пудратчи ва бош лойиҳа ташкилоти томонидан Ўзбекистон Республикасида фаолиятини амалга оширмайдиган чет эллик жисмоний ва юридик шахслардан сотиб олинадиган хизматлар қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод этилади.
2040 йил 1 январга қадар инвесторлар (ташаббускорлар) томонидан шаҳарсозлик лойиҳаси доирасида олинган дивидендлар тарзидаги даромадлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайта инвестиция қилинган тақдирда, бундай даромадлар солиқдан озод қилинади.
ЎзА