Янги Тошкент қурилишида Фарғона вилояти ҳам иштирок этади
Президентимизнинг жорий йил 12 октябрь куни Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвесторлар ва тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида ҳар бир вилоят учун 100 гектардан ер майдони ажратиш ҳамда ушбу ҳудудларда вилоятларнинг ўзига хос меъморий қиёфасини акс эттирувчи лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси белгиланган эди. Унинг ижроси доирасида Янги Тошкентда Фарғона вилояти учун ажратилган 100 гектар майдонда ҳам қурилиш ишларига жадал киришилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ушбу ҳудудда бўлиб, амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар билан танишди.

Лойиҳаларда Фарғонанинг бой тарихий-маданий мероси, миллий меъморчилик анъаналари ва ўзига хос жиҳатларини замонавий шаҳарсозлик ечимлари билан уйғунлаштирилган, аҳоли учун қулай ва жозибадор муҳит яратиш назарда тутилган. Шунингдек, ҳудуддан самарали фойдаланиш, қурилиш ишларини сифатли ташкил этиш, замонавий инфратузилма ва яшил ҳудудлар барпо этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.


Вилоят раҳбари ҳар бир лойиҳани сифатли ва пухта амалга ошириш, қурилиш ва инфратузилмани ривожлантириш ишларини ўзаро уйғун олиб борилиши шартлиги борасида мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

Эзгу ниятлар билдирилиб, бошланаётган бунёдкорлик ишларига хайр-барака тилаб дуолар қилинди. Шундан сўнг Фарғона вилояти учун ажратилган ҳудудда қурилиш ишлари бошланди.
Янги Тошкентда Фарғонанинг ўзига хос қиёфасини намоён этувчи замонавий масканлар қад ростлайди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА