“Янги технологиялар” АЖ мутахассислари Германиянинг илғор тажрибасини ўрганмоқда
Бугунги кунда солиқ маъмуриятчилигида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш соҳани янада самарали ташкил этишнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис илғор давлатлар тажрибасини ўрганиш ва замонавий технологик ечимларни амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Солиқ қўмитасининг “Янги технологиялар” АЖ мутахассисларидан иборат гуруҳ Германиянинг Берлин шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Ташриф давомида мутахассислар дастурлаш ва рақамли технологиялар соҳасида фаолият юритувчи илғор компаниялар тажрибаси билан танишмоқда. Хусусан, сунъий интеллект ечимларидан фойдаланиш, замонавий дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, маълумотлар билан ишлаш ва ахборот тизимлари самарадорлигини ошириш масалалари ўрганилмоқда.
Шунингдек, ўрганилган илғор тажрибаларни миллий солиқ тизимига татбиқ этиш, рақамли хизматлар сифатини ошириш ва солиқ маъмуриятчилигини янада рақамлаштириш бўйича амалий ёндашувлар муҳокама қилинмоқда.
Ташриф якунида олинган билим ва тажрибаларни амалиётга жорий этиш орқали солиқ соҳасида рақамли технологиялардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда замонавий технологик ечимларни кенг татбиқ этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА