Натижалар салмоқли, вазифалар улкан
Самарқандда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг вилоят конференцияси бўлиб ўтди.
Партия вилоят кенгаши раҳбарияти, депутатлар, фаоллар ва туман, шаҳарлардан сайланган делегатлар иштирок этган конференцияда ЎзЛиДеП вилоят кенгашининг ҳисобот давридаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, сайловларда эришилган натижалар, электорат билан ишлаш, депутатлик фаолияти ва амалга оширилган лойиҳалар таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, 2024 йилдаги сайловларда Самарқанд вилоятидан ЎзЛиДеП томонидан кўрсатилган номзодлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 7 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашида 16 та, туман ва шаҳар Кенгашларида 136 та депутатлик ўрнини қўлга киритди. Ўтган даврда депутатлар томонидан 2695 та депутатлик сўрови юборилиб, 378 та сайёр қабул ва 348 марта депутатлар жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.

– Нафақат электоратимиз, балки кенг аҳоли қатлами томонидан катта қизиқиш, ишонч билдирилган “Халқ билан бирга” дастури доирасида муаммоларни манзилли ҳал этиш, ижтимоий кўмак, бандлик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди, – дейди Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Илҳом Ботиров. – Мобил штаблар фаолияти орқали 2572 нафар фуқаро билан мулоқот ўтказилиб, 1042 та муаммо аниқланди ва 752 таси ҳал этилди. Шунингдек, “Юракка йўл”, “Бир оила – бир ҳомий”, “Тадбиркорлардан болажонларга”, “Ёш фермерлар тажриба мактаби”, “Ишбилармон аёл – 2026”, IT ва стартап лойиҳалари орқали аҳолининг турли қатламларини қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизларнинг ташаббусларини рағбатлантиришга эътибор қаратилди. Партиянинг ташкилий салоҳияти ҳам кенгайиб, бошланғич партия ташкилотлари 1543 тага етди ва аъзолар сони 205 минг нафардан ошди.
Конференцияда эришилган натижалар батафсил таҳлил қилиниши билан бирга эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар, вазифалар юзасидан таклифлар, ташаббуслар билдирилди.

Муҳокамалар якунида Конгрессга делегатлар сайланиб, партиянинг келгуси фаолияти, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, электорат билан ишлаш самарадорлигини кучайтиришга оид устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири