Янги сайёҳлик манзили қад ростламоқда
Жиззах вилоятининг Арнасой туманида туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Бу жараёнлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралда қабул қилинган “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Мазкур ҳужжатда ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш, туризмни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Бугун Арнасой ана шундай улкан мақсадлар рўёбга чиқаётган ҳудудлардан бирига айланиб бормоқда. Айдар-Арнасой кўллар тизими бағрида жойлашган бу маскан табиий манзаралари, бетакрор экотизими ва сайёҳларни ўзига жалб этувчи имкониятлари билан йил сайин аҳамиятини оширмоқда. Ҳар фаслга мос сайёҳлик йўналишлари шаклланаётгани эса туманнинг туризм харитасидаги ўрнини янада мустаҳкамламоқда.
Соҳада малакали кадрлар тайёрлаш ва аҳолининг туризм бўйича билим-кўникмаларини ошириш мақсадида тумандаги “Бахтли” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун ўқув семинари ташкил этилди. Унда иштирокчиларга туризм хизматларини самарали ташкил этиш, меҳмон уйлари фаолиятини йўлга қўйиш, сервис сифати ва меҳмондўстлик маданиятини юксалтириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Шунингдек, ҳудуднинг ички ва ташқи туризм имкониятларини кенгайтириш, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда туризм орқали қўшимча даромад манбаларини яратиш юзасидан атрофлича тушунтириш ишлари олиб борилди. Семинар қатнашчилари соҳада тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, мавжуд имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олишди.
Тумандаги энг муҳим янгиликлардан бири эса Наврўз қўрғонида “Наврўз” туризм қишлоғи барпо этилиши билан боғлиқ. Айдар-Арнасой кўллари атрофидаги улкан сайёҳлик салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш мақсадида Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов “е-auktsion” платформаси орқали ер участкаларини харид қилган 51 нафар фуқаро билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида лойиҳа доирасида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, замонавий инфратузилма яратиш ҳамда сайёҳлар учун барча қулайликларни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, аукцион ғолибларига “Наврўз” туризм қишлоғининг намунавий лойиҳаси тақдим этилди ва қурилиш ҳамда ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.
Аҳамиятлиси, мазкур ташаббус давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги қарорида белгиланган туризм хизматларини ривожлантириш, туризм маҳаллалари ва сайёҳлик масканларини барпо этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромад манбаларини кўпайтириш вазифалари билан ҳамоҳанг тарзда амалга оширилмоқда.
“Наврўз” туризм қишлоғи нафақат янги меҳмон уйлари, хизмат кўрсатиш объектлари ва дам олиш масканларининг пайдо бўлишига, балки ҳудудда қўшимча иш ўринлари яратилишига ҳам хизмат қилади. Энг муҳими, ушбу лойиҳа Арнасойнинг бой табиий имкониятларини иқтисодий ўсиш манбаига айлантириб, аҳоли фаровонлигини оширишга мустаҳкам замин яратади.
Келажакда Наврўз қўрғонида қад ростлайдиган мазкур туризм қишлоғи Арнасой туманининг сайёҳлик салоҳиятини янада юксалтириб, уни мамлакатимиздаги энг жозибадор ва замонавий туристик манзиллардан бирига айлантириши шубҳасиз.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири