Ҳуқуқий муносабат
Қонунчилигимизда кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш, сақлаш тартиби, фойдаланишда белгиланадиган асосий талаблар, ертўлада шуғулланиш мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган фаолият турлари, шунингдек, ертўладан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов бу ҳақда батафсил тушунтириш берди.
– Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 7 ноябрдаги «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддаси биринчи қисмига асосан умумий мол-мулк жойларнинг мулкдорларига умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлиши белгиланган.
Ушбу модданинг олтинчи қисмида эса умумий мол-мулкнинг айрим қисмлари умумий улушли мулкнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинган қарор асосида бошқа шахсга берилиши мумкинлиги белгиланган.
Демак, уйда яшовчи барча мулкдорларнинг розилигини олган тақдирдагина подвални ўз номингизга ўтказишингиз мумкин бўлади. Акс ҳолда у ерни эгаллашингиз ноқонуний ҳисобланади.
Яна шуни таъкидлаш лозим, ушбу модданинг еттинчи ва саккизинчи қисмига биноан: умумий мол-мулк, агар унинг бошқа шахсга берилиши ёки фойдаланиш учун ўтказилиши бошқа мулкдорларнинг ўз мулк ҳуқуқларини амалга оширишини чеклайдиган бўлса, бошқа шахсга берилиши ёхуд бир ёки бир нечта мулкдорга ёки бошқа шахсларга фойдаланиш учун ўтказилиши мумкин эмас.
Таянч ва тўсиқ конструкцияларни, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўрама) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ҳамда бошқа шахталар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ҳамда қурилмалари ва бошқа ускуна ҳамда қурилмаларни бошқа шахсга бериш тақиқланган.
Гулноза Бобоева, ЎзА