“Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи”
Бухоро вилоятида оила муқаддаслиги, миллий қадриятлар ва аҳиллик муҳитини кенг тарғиб этишга қаратилган “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур танлов жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, намунавий оилалар тажрибасини оммалаштириш ҳамда ёш авлодни миллий ва оилавий қадриятлар руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этди.

Танловда шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритиб, вилоят босқичига йўлланма олган 13 та оила иштирок этди. Иштирокчилар беллашув давомида оилавий қадриятларга содиқлик, фарзанд тарбияси, маънавий-маърифий савия, жамият ҳаётидаги фаоллик ҳамда миллий анъаналарни асраб-авайлаш борасидаги тажрибаларини намойиш қилди.

Беллашувлар 3 та муҳим шарт асосида ўтказилиб, ҳар бир оила ўзининг ижтимоий фаоллиги, ижодий чиқишлари ва ҳаётий тажрибаси билан ҳакамлар ҳайъати ҳамда томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Танлов якунига кўра, қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Жумладан, “Тадбиркор оила”, “Зиёли оила”, “Аҳил оила”, “Саховатли оила”, “Китобсевар оила”, “Маърифатпарвар оила”, “Файзли оила”, “Ибратли оила”, “Матонатли оила”, “Фидокор оила”, “Янги Ўзбекистоннинг ибратли ёш оиласи” ҳамда “Янги Ўзбекистоннинг намунали ёш оиласи” каби номинациялар бўйича иштирокчилар тақдирланди.

Кўрик-танловнинг асосий ғолиблиги эса Когон туманидан иштирок этган Дурдалиевлар оиласига насиб этди. Улар “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” танловининг мутлақ ғолиби деб эътироф этилди.
Тадбир якунида барча ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Бундай маънавий-маърифий танловлар жамиятда оила институти нуфузини янада ошириш, аҳил ва бахтли оилалар тажрибасини кенг оммалаштириш, ёшларни ватанпарварлик ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.