Истиқлол – улуғ неъмат. Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, халқимизнинг ижтимоий, сиёсий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаёти ҳамда онгу-тафаккури ва дунёқарашидаги улкан ижобий ўзгаришлар, энг аввало, мустақиллик берган имконият ва эркинлик самарасидир.
Айниқса, сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз томонидан барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар она Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилиш, уларнинг давлатдан рози бўлиб яшаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасидаги ишларга янгича мазмун бахш этди. Бунинг натижасида юртдошларимиз турмуш тарзи, ҳаёти сифати бутунлай ўзгариб, она Ватанимиз янгича қиёфа касб этиб бораётир.
Маълумки, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганига 30 йил тўлади. Шу муносабат билан жорий йил 17 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур ҳужжат билан Истиқлолимизнинг шонли санасини юксак савияда ўтказиш, ушбу улуғ байрамни муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда юртимиз мустақиллигининг улкан сиёсий, тарихий ва маънавий-маърифий аҳамиятини инобатга олиб, мазкур айёмни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш, шунингдек, бир қатор йўналишлар бўйича “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш юзасидан зарур вазифалар белгиланди.
Яъни, қарорда “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” ва “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойиллари асосида фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича эришилаётган натижалар алоҳида қайд этилган.
Албатта, бу бежиз эмас. Боиси сўнгги йилларда юртимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, давлат органлари билан халқ ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жамият ижтимоий ҳаётидаги долзарб муаммоларни аниқлаш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқилишини таъминлашда ўзига хос самарали механизм яратилди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилиши “Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак” деган эзгу тамойилни ҳаётимизга тўла татбиқ этиш, кўп соҳалар, хусусан, маҳалла тизимида ижобий ўзгаришлар кузатилишига туртки бўлди.
Хусусан, Давлатимиз Раҳбарининг 2019 йил 2 апрелдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларга янгича мазмун бахш этиб, маҳаллани одамларга янада яқинлаштирди.
Қолаверса, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан аҳоли мурожаатларининг кўриб чиқилишини таъминлашда ўзига хос самарали ва замонавий механизмларни жорий этиш мақсадида шу йилнинг октябрь ойида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 1146 Ишонч телефони ишга туширилгани тизим фаолиятини янада такомиллаштириш, айниқса, хотин-қизлар ва оила масалаларига оид муаммоларни тезкорлик билан аниқлаш ҳамда уларга зарур ечим топишда амалий аҳамияти юқори бўлмоқда.
Шунингдек, Муҳтарам Президентимизнинг мазкур қарорида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Бир миллион дастурчи” каби ижтимоий лойиҳаларнинг жорий этилиши, аҳоли бандлигини таъминлаш, унинг реал даромадларини изчил ошириб бориш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт, спорт соҳаларини тубдан ривожлантириш каби йўналишларда ҳам бир қатор вазифалар белгиланган.
Маълумки, юртимиз қишлоқ ва маҳаллаларини янада обод масканга айлантириш, у ерда яшаётган аҳолининг яшаш тарзини яхшилаш, уларнинг келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳаётга татбиқ этилган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларига Президентимизнинг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар таҳлили асос бўлди. Жиззах вилояти Манас қишлоғидан бошланган бу эзгу ва хайрли ишлар бугунги кунга келиб, бутун юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёзди. Жумладан, куни кеча Чиноз тумани Эшонобод қишлоғидаги бунёдкорлик ишлари, у ерда истиқомат қилаётган кўп миллатли аҳолининг яшаш тарзини янада яхшилаш борасида амалга оширилган ижобий ўзгаришларни айтиб ўтиш ўринли.
Қолаверса, қарорда жамиятда хотин-қизларнинг ўрни ва нуфузини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ёш қизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун кўмак ва ёрдам бериш, тадбиркор аёлларни молиявий қўллаб-қувватлаш масаласи устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.
Бу бежиз эмас. Боиси, кейинги йилларда мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳаларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ҳаётда оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш орқали улар бандлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида шу йил 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртимизда хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича янги иш тизимини жорий этиш, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш, бу орқали ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини мутлақо янги даражага олиб чиқиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш вазифа этиб белгиланган эди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунга қадар жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида 28 та туман ва шаҳарда хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилиб, шу асосда “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” жорий этилди ва ишлаб чиқилган тизим асосида ҳокимликлар билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда қолган туман ва шаҳарларда ҳам бу ишлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Қолаверса, жорий йил 12-13 декабрь кунлари Муҳтарам Президентимиз Хоразм вилоятига қилган ташрифлари давомида ҳам хотин-қизлар масаласига алоҳида тўхталиб, юртимиздаги қайси оилага кирилмасин, аёлларни қийнаётган муаммо албатта ижобий ҳал қилиниши зарур экани, шу боис мамлакатимизда “Аёллар дафтари” жорий этилгани таъкидлаб ўтдилар.
Бундан ташқари, Муҳтарам Президентимизнинг мазкур қарорида ёшларга оид давлат сиёсатини самарали олиб бориш, жумладан, ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, уларни муносиб иш билан таъминлаш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга тайёрлаш, ёш тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш алоҳида қайд этилган.
Шу билан бирга, аҳолини турар жой билан таъминлаш, хусусан намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларини барпо этиш, кекса авлод вакилларини, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёрдам ва кўмакка муҳтож фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳам ўрин олган.
Бир сўз билан айтганда, Муҳтарам Президентимизнинг мазкур қарори истиқлолимизнинг ўттиз йиллик санасига юксак савияда тайёргарлик кўриш, ушбу улуғ айёмни муносиб нишонлаш, мустақилликнинг халқимиз ҳаётидаги моҳияти, ўрни ва аҳамиятини юксалтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Раҳмат МАМАТОВ,
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири,
Олий Мажлис Сенати аъзоси