“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!”
Бухорода ёшлар ойлиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди. Унинг доирасида ёшлар ўртасида мини футбол ва футбол бўйича ўтказилган давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақасининг шаҳар ва туманлар босқичи ғолиблари тақдирланди. Вилоят босқичига қуръа ташлаш маросими бўлди.
Маълумот учун, мусобақаларда 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил болалар футбол ва мини футбол, қизлар мини футбол бўйича иштирок этишади. ДХХ кубоги вилоят босқич ўйинларига жорий йилнинг 18 июнидан старт берилади.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар, маъмурий секторлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этди. Вилоят ҳокими эртамиз эгалари бўлган ёшларни табриклади.
– Албатта, ёшларимиз биргина спортда эмас, балки барча соҳаларда мамлакатимиз ва жаҳон миқёсида юқори натижаларга эришаётгани ҳар биримизга фахр-ифтихор, ўзгача ғурур бағишлайди, – дейди Ботир Зарипов. – Албатта, бундай тадбирлар ташкил этилиши замирида халқимиз ҳамда фарзандларимизнинг саломатликларига бўлган эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, юртимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, айниқса, ёшларнинг жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиши учун муносиб шароитни яратишдек хайрли мақсадлар мужассам.
[gallery-17833]
Тадбирда ёшлар таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунаси сифатида бухоролик йигит-қизлар қўлга киритаётган муваффақиятларга алоҳида эътироф этилди. Таъкидланганидек, жорий ўқув йилида умумтаълим мактабларида қарийб 30 минг нафар 9-синф, 22 минг нафар 11-синф ўқувчи етуклик шаҳодатномаларини олмоқда. Шунингдек, 11-синф битирувчиларидан 861 нафари олтин ва кумуш медаллар билан мактабни битирган бўлса, 729 нафар ёш истеъдод эгаси мактабни олтин медаль билан тамомлади. Иқтидор эгаларининг 7 нафари фан олимпиадаларининг республика ҳамда яна 7 нафари халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган. Қувонарлиси, жорий йилда 350 нафардан ортиқ иқтидорли йигит-қизлар мактаб партасидаёқ нуфузли хорижий ва миллий олийгоҳларнинг талабаси бўлган.
Муҳими, юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урилмасин, аввало, эртамиз эгалари ёшларга, баркамол авлод эгалари куч-ғайратига, азму шижоатига суянилаётгани ўз самарасини бермоқда. Бугун қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатимиз тараққиётининг янги пойдеворини яратишда фидойи ва ватанпарвар ёшлар мамлакатимиз Президентига камарбаста бўлиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшади. Бинобарин, ҳар бир инсон келажагини ўз қўли, иқтидори ва истеъдоди билан яратади.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Ўғил-қизларимиз халқимизнинг олтин фонди, Учинчи Ренессанс бунёдкорларидир. Янги Ўзбекистоннинг келажаги ҳисобланган бундай фидойи, билимли, зукко ва ватанпарвар ўғил-қизларимиз барчага намуна бўлиши керак!”.
Тадбирда турли жабҳаларда фаоллиги билан ажралиб турган етакчи, лидерлик қобилиятига эга йигит-қизлар, нуфузли фан олимпиадалари, кўрик-танлов ва мусобақалар совриндорлари муносиб тақдирланди.
“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остидаги ёшлар байрами республикамиз ҳамда вилоятнинг таниқли эстрада хонандалари, хушовоз ёш ижрочиларнинг гала-концерти билан якунланди.
Ёшлар ойлиги доирасидаги тадбирлар шаҳар ва туманларда давом этмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.