Янги Ўзбекистон – хорижлик журналистлар нигоҳида
Сўнгги йилларда диёримизда кечаётган янгиланишлар, очиқлик сиёсати, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, шунингдек, мамлакатнинг халқаро майдондаги фаоллиги хорижий оммавий ахборот воситалари диққат марказида турибди.
Қайд этиш керакки, турли давлатлар ахборот маконини намоён этадиган журналистларнинг қарашлари бир нуқтада муштарак: Янги Ўзбекистон бугун дунё билан очиқ мулоқот қилаётган, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтираётган ва замонавий тараққиёт йўлидан дадил бораётган давлат сифатида кўзга кўринмоқда.
ЎзА мухбири хорижий ОАВ вакилларининг ўлкамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, республикамизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни хусусидаги фикрларини ёзиб олди.
Муҳаммад Муфаззал Ҳусайн, “The Financial Express” иқтисодий нашри етакчи муҳаррири (Бангладеш):

– Мен учун Янги Ўзбекистондаги ўзгаришларнинг энг муҳим жиҳати – иқтисодий ислоҳотларнинг ташқи дунё билан очиқ ҳамкорлик сиёсати билан уйғун олиб борилаётганидир. Бугун ўлкангиз фақат ички имкониятларига таяниб қолмасдан, янги бозорлар, инвестициялар, транспорт йўлаклари ва минтақавий савдо алоқаларини ҳам кенгайтиришга интилмоқда. Иқтисодий журналист сифатида айтишим мумкинки, хорижий сармоядор учун энг муҳим омиллардан бири – мамлакатнинг қай даражада очиқ, прогноз қилинадиган ва мулоқотга тайёр эканидир. Юртингизда бошқа соҳалар қатори шу йўналишда ҳам сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.
Марказий Осиёнинг аҳоли сони ва бозор салоҳияти ортиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон минтақадаги иқтисодий жараёнларнинг муҳим иштирокчисига айланмоқда, дейиш мумкин. Айниқса, қўшни давлатлар билан савдо ва транспорт боғлиқлигини кучайтиришга қаратилган ёндашув нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун янги имкониятлар эшигини очади. Фикримча, республикангизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ҳам айнан амалий ташаббуслар, иқтисодий шериклик ва очиқ мулоқот орқали мустаҳкамланмоқда.
Чамронг Неан, “Khmer Times” газетаси бош муҳаррири ўринбосари (Камбоджа):

– Диёрингиз ҳақида фикр юритар эканман, мен аввало, тарихий мерос билан замонавий тараққиёт ўртасидаги уйғунликка эътибор қаратаман. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарлар дунёга қадимий цивилизация ҳақида ҳикоя қилса, бугунги ислоҳотлар мамлакатнинг келажакка қандай ишонч билан қараётганини намоён этмоқда. Бир куни албатта юртингизга саёҳат қилиш ниятим бор.
Эътиборлиси, янги инфратузилма, туризмни ривожлантириш, таълим ва маданий алмашинувга эътибор Ўзбекистоннинг ўз тарихий қиёфасини сақлаган ҳолда замонавий давлат сифатида шаклланаётганини кўрсатмоқда.
Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари учун ўлкангиз тобора қизиқарли ҳамкорга айланмоқда. Бу ерда гап фақат иқтисодий алоқалар ҳақида эмас. Туризм, маданият, таълим ва халқлар ўртасидаги мулоқот мамлакатларимизни бир-бирига яқинлаштириши мумкин. Ўзбекистоннинг турли халқаро ташаббусларда фаол иштирок этаётгани ва минтақалар ўртасида кўприк бўлишга интилаётгани унинг халқаро нуфузини ошираётган муҳим омиллардан бири, деб ҳисоблайман.
Франциск Эков Аннан, “EIB Network” телеканали мухбири (Гана):

– Африкадаги журналист сифатида Ўзбекистондаги жараёнларга ривожланаётган давлатларнинг умумий тажрибаси нуқтаи назаридан қарайман. Менда катта қизиқиш уйғотган жиҳат – ўлкангизда ислоҳотларда инсон капитали, ёшлар ва имкониятларга алоҳида урғу берилаётганидир. Аҳолининг катта қисмини ёшлар ташкил этадиган мамлакатлар учун таълим, касб-ҳунар, рақамли кўникмалар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш келажак тараққиётини белгилайди. Ўзбекистонда бу масалалар давлат ривожланиш кун тартибининг муҳим қисмига айланганини кўриш мумкин.
Шу билан бирга, мамлакатнинг халқаро майдонда янги шерикликларга очиқлиги эътиборга лойиқ. Бугун дунёда давлатларнинг нуфузи фақат сиёсий таъсир билан эмас, балки билим, технология, маданият ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик таклиф қила олиши билан ҳам ўлчанади. Юртингизнинг Осиё, Европа, Африка ва бошқа минтақалар билан алоқаларни диверсификация қилишга интилиши унинг глобал мулоқотдаги ўрнини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз.
Ирина Мартьянова, “Мир” телеканалининг Минскдаги ваколатхонаси радио студияси бош муҳаррири (Беларусь):

– Ўзбекистондаги ўзгаришларни кузатар эканман, мен учун энг муҳим мавзулардан бири – жамият билан мулоқот маданиятининг ўзгариб бораётганидир. Бугун ахборот жуда тез тарқалади, аудитория эса воқеаларга фақат кузатувчи сифатида эмас, балки фаол иштирокчи сифатида муносабат билдиради. Шу сабаб давлат идоралари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги очиқ мулоқот ҳар қандай ислоҳотнинг ажралмас қисмига айланади. Ўзбекистонда ахборот майдонининг фаоллашуви ҳам мамлакатда кечаётган янгиланишларнинг муҳим белгиларидан бири сифатида кўринади.
Ўзбекистоннинг МДҲ ва Евроосиё маконидаги ўрни ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Республика бир томондан анъанавий ҳамкорлик алоқаларини сақлаб, иккинчи томондан янги халқаро йўналишларни фаол ривожлантирмоқда. Бундай мувозанатли ёндашув турли давлатлар билан ишончли муносабатлар ўрнатишга хизмат қилади. Маданий-гуманитар алоқалар, халқлар ўртасидаги яқинлик ва ахборот алмашинуви эса дипломатик муносабатларнинг ижтимоий асосини янада мустаҳкамлайди.
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА