“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари кунлари ташкил этилди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари кунлари, шунингдек, сўнгги ўн йил ичида мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотларнинг натижалари ҳақида сўз юритувчи “Янги Ўзбекистон орзуси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Салим Дониёров, бош муҳаррир ўринбосари Абу Бакир Ўрозов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Татлимурат Атамуратов, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенесбай Каримов, таниқли зиёлилар, ижодкорлар, институт профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади ёшларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмуни билан яқиндан таништириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштирокини ошириш ҳамда оммавий ахборот воситаларига бўлган қизиқишини кучайтиришдан иборатдир.
Тадбирда мамлакатимизда сўнгги ўн йил давомида амалга оширилган туб ислоҳотлар, уларнинг босқичлари ва эришилган натижалар ҳақида батафсил сўз юритилди. Жумладан, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш борасидаги бажарилган кенг кўламли ишлар мисоллар орқали кўрсатиб берилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича муҳим лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларида рўй бераётган янгиланишлар ҳудуд аҳолиси фаровонлигини оширишга хизмат қилаётгани ҳам тилга олинди.
Тадбир доирасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёровнинг “Янги Ўзбекистон орзуси” китоби кенг жамоатчиликка тақдим этилиб, ижодкорлар, педагоглар ва ёшлар томонидан китобнинг мазмуни ҳақида маърузалар қилинди. Ёшлар иштирокида газеталар ҳаёти ва мамлакатимиздаги ислоҳотларга оид савол-жавоб ўтказилиб, фаол иштирокчиларга совғалар топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.