“Янги Ўзбекистон талабалари Олимпиадаси” бошланди
Бугун, 5 июнь куни пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”даги замонавий спорт мажмуаларида “Янги Ўзбекистон талабалари Олимпиадаси” комплекс мусобақаларининг финал босқичи баҳсларига старт берилади.
7 та спорт турини қамраб олган “Янги Ўзбекистон талабалари Олимпиадаси” дастурига мувофиқ, бугун кун давомида волейбол, футбол, гандбол ва енгил атлетика спорт турларида баҳслар ташкил этилиши белгиланган.

Хусусан, волейбол ҳамда гандбол бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида 1/8 финал ўйинлари, шунингдек футбол 1/8 финаллари ўтказилса, енгил атлетиканинг 6 та йўналишида ғолиб ва совриндорлар аниқланади.

“Янги Ўзбекистон талабалари Олимпиадаси” дастуридан жой олган баскетбол, сузиш ва стол тенниси мусобақалари 8 июндан бошланиши назарда тутилган.
Кеча Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида мазкур комплекс спорт мусобақалари олдидан спорт турлари бўйича мандат комиссиясининг йиғилиши ва қуръа ташлаш маросимлари бўлиб ўтди.

Мандат комиссияси йиғилишида иштирок этган спорт вазири ўринбосари Ш.Маҳмудов, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Р.Маткаримов “Янги Ўзбекистон талабалари Олимпиадаси” ўйинлари ёшларимиз ҳаётида ўзига хос ўрин тутишини, жойлардаги олий таълим муассасаларида жисмоний тарбия ва спорт ҳаракатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилганини таъкидлади.
Тадбирда қатнашган жамоаларнинг мутасаддилари, мураббийлар, ҳакамлар ҳамда масъул ташкилотчилар мусобақаларни ўтказиш тартиби, регламент талаблари ва ташкилий масалалар юзасидан тегишли маълумот ва ахборотларга эга бўлди.

Мандат комиссияси томонидан жамоаларнинг ҳужжатлари кўриб чиқилиб, иштирокчиларнинг мусобақа низомига мувофиқлиги текширилди.
Шундан сўнг, ўйинлар дастурига киритилган спорт турлари бўйича қуръа ташлаш маросими ўтказилиб, жамоаларнинг беллашув тартиби ҳамда мусобақа жадвали тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, 9 июнга қадар давом этадиган “Янги Ўзбекистон талабалари Олимпиадаси”нинг финал босқичида 2 минг нафарга яқин талаба-спортчилар иштирок этиш талабномаларини тақдим этган.
Бугун ўйинларнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА