Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳаллалар кўпаймоқда
Мамлакатимизда маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, аҳоли учун қулай инфратузилмани яратиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимли давом этмоқда. Хусусан, Нурафшон шаҳридаги Нурафшон маҳалласида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари якунланиб, янги объектлар фойдаланишга топширилди.
Ушбу маҳалланинг тантанали очилиш маросимида вилоят ва туман мутасадди раҳбарлари, маҳалла фаоллари, депутатлар, нуроний отахону-онахонлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мазкур ҳудудда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижасида маҳалла янгича қиёфа акс этди.
Тадбирда таъкидланганидек, мазкур саъй-ҳаракатлар туфайли болаларнинг мактабгача таълим қамрови сезиларли даражада ошиб, маҳаллада янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, маҳалла биноси ҳудудида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спорт турларига кенг жалб қилиш мақсадида “Workout” майдони қурилди. Бунинг учун 210 миллион сўм маблағ ажратилди. Ушбу майдонча ёшлар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш, уларнинг жисмоний ривожланиши ва саломатлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

— Маҳалла иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ишлар амалга оширилди, — дейди Нурафшон шаҳар ҳокими Илҳом Қличханов.— Жумладан, “Rodian Texstil” лойиҳаси 600 та янги иш ўрнини яратиш орқали маҳаллада ишсизликни камайтириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Таълим соҳасида ҳам бу маҳаллада 12-сонли ва 2-сонли мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда 9- умумтаълим мактабида реконструкция ишлари “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида жами 3 миллиард 400 миллион сўм маблағ эвазига амалга оширилди. Бу орқали болаларимиз учун замонавий, қулай ва хавфсиз таълим шароитлари яратилди.

Бундан ташқари, ҳудуддаги зовур тозаланди ва атрофи текисланди. Жойларда 700 дан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди ҳамда ушбу экин майдонлари аҳолига фойдаланиш учун бириктириб берилди.

Мутахассислар таъкидлашича, ҳозир Нурафшон шаҳрида доимий аҳоли сони 58,8 минг нафардан ортиқни ташкил этади. Ҳудудда 16 та маҳалла мавжуд бўлиб, жами 12 минг 688 та хонадон ва 16 минг 391 та оила истиқомат қилади. Йил сайин Нурафшон шаҳри замонавий инфратузилма, инновацион ёндашувлар ва барқарор иқтисодий ўсиш асосида ривожланиб, аҳолига қулай ва сифатли ҳаёт муҳитини яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар марказига айланиб бормоқда.
А. Мусаев, ЎзА