Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви ҳақиқий маънода замонавий шаҳарсозликнинг амалий намунасига айланди. Илгари унумсиз бўлиб турган, аҳамиятсиз деб қаралган боғ ўрнида энди ҳар томонлама барқарор, қулай ва шинам турмуш шароитини таъминлайдиган янги шаҳарча қад ростламоқда.
Президентимиз ушбу массивга ташрифи чоғида яратилган инфратузилма, турмуш шароитлари ва замонавий қурилиш ечимлари билан танишар экан, “Янги Ўзбекистон” массиви республикадаги барча ҳудудлар учун намуна бўлиши лозимлигини таъкидлади. Бу эътироф бежиз эмас.
Массивда барпо этилган инфратузилма ҳар томонлама эътиборга молик. 18 гектар майдонда жойлашган шаҳарча хусусий тадбиркорлик ва давлат-хусусий шериклик асосида, 500 миллиард сўм миқдоридаги инвестиция ҳисобига ташкил этилган. Ушбу лойиҳа доирасида 54 та беш қаватли турар жой бинолари қурилиб, 1 минг 400 та хонадон аҳоли ихтиёрига топширилади.
Кўп қаватли уйлар нафақат ўзининг замонавий архитектураси, балки атрофида яратилган қулай инфратузилма билан ҳам алоҳида эътиборни тортади. Ҳар бир хонадон замонавий коммуникация тизимлари, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, марказлаштирилган иситиш тармоғи билан таъминланган. Болалар майдончалари, автотураргоҳлар, яшил ҳудудлар аҳоли учун алоҳида қулайлик яратади.
Массив аҳолиси — янгича турмуш тарзи имкониятларидан мамнун. Уларнинг орасида тадбиркор Жасур Муҳаммадиев ҳам бор. Ушбу шаҳарчадан аввал шубҳа билан, кейин эса ишонч билан уч хонали уй харид қилган.
– Аввал пойтахтдан уй олиш ниятим бор эди. Аммо туманда шундай замонавий массив қурилаётганини эшитиб, шубҳаланган ҳолда бориб кўрдим, – дейди у мамнуният билан. – Лойиҳа билан танишгач, барча қулайликлар – иссиқлик, сув, газ, болалар учун майдончалар – таъминланишига ишондим ва қарорим тўғри чиққанини вақт ўзи исботлади. Бугун оилам билан маза қилиб яшаяпмиз.
Шинам ва ёруғ хоналарда ёш оиланинг орзу истаклари учун барча қулайликлар муҳайё. Кўп қаватли уйлар олдидаги етарлича аттракционлар билан таъминланган болалар майдончалари болажонларнинг шўх-шодон кулгиси билан тўлган.
– Ўзим қишлоқда яшайман. Ўғлимнинг уйига меҳмонга келдим, – дейди Жасур Муҳаммадиевнинг онаси Нилуфар Алиқулова. – Авваллари бундай чиройли масканлар фақат пойтахтда бўлади, деб ўша жойларга боришни орзу қилардим. Бу ерга келиб пойтахт олдимга келгандай бўлди. Энг муҳими уй бекалари учун ҳамма шароитлар яратилган. Ўғлим, келиним набираларимнинг кўзидаги қувончни кўриб мен ҳам жуда қувондим. Ким ўйлабди дейсиз, эскирган бир боғ ўрнида мана шундай кўркам шаҳарча пайдо бўлишини.
Массивдаги инфратузилма объектларида қуёш панеллари ва геоколлекторлар ўрнатилган. Бу нафақат энергия тежамкорлигини таъминлайди, балки экологик барқарорлик ва узлуксиз таъминотнинг ҳам кафолатидир. Шу билан бирга, шаҳарчада чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш мунтазам ва тизимли ташкил этилган.
Массивда 120 ўринли 32-давлат мактабгача таълим муассасаси фаолият юритиб, маҳаллий болаларни қамраб олмоқда. Қатор санъат ва спорт тўгараклари, ўйин майдончалари, шинам ошхона ва кенг ётоқхоналар болалар учун жуда яхши имкониятлар яратади.
– Фаолиятимизга бир йил тўлмоқда. Тарбия жараёнлари педагогик ва методик жиҳатдан юқори даражада ташкил қилинган. Тарбиячилар маошининг кўтарилиши эса соҳага бўлган эътиборнинг яна бир исботидир, – дейди боғча мудираси Барчин Тоштемирова.
Айтиш жоизки, массивда аҳолига сифатли хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилган. Буни у ерда ташкил этилган “Мубина” бошқарув сервис компанияси мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бошқарув сервис компанияси томонидан аҳолига 40 дан ортиқ хизмат турлари – сантехника, электрик, маиший техника таъмири, гилам ювиш ва бошқалар тақдим этилмоқда. Шунингдек, тикувчилик ва пишириқ цехлари орқали янги иш ўринлари яратилган. Замонавий қозонхона туфайли иситиш тизими барқарор ишламоқда.
– Бундай массивларнинг чекка ҳудудларда барпо этилаётгани юртимизда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг амалдаги самарасидир, – дейди туман ҳокими ўринбосари Сайёра Муҳаммадиева. – Бу ерда уй-жой, таълим, иш ўринлари, экобозор – ҳаммаси бор. Аёллар уйдан чиқмай ҳам ишлай олади. Бу оилада тинчлик, мустаҳкамлик ва фаровонликка хизмат қилади.
[gallery-24072]
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Янги Ўзбекистон” массиви – бу шунчаки шаҳарча эмас, балки янги турмуш тарзи, ҳаёт сифатини яхшилаш, энергия тежаш ва ижтимоий барқарорликка қаратилган кенг қамровли ислоҳотларнинг амалдаги намоёнидир. Бу ердаги ҳар бир майдон, ҳар бир хонадон ва ҳар бир хизмат ҳаёт сифати ошишига қаратилган.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари