Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимда давлатимиз раҳбари мустақиллик берган ҳуқуқ ва эркинликларни ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида чуқур ҳис қилиб, бу имкониятлардан кенг фойдаланаётганини таъкидлади.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти Зарина Исроилова шу ҳақда фикр билдирди:
– Президентимиз қайд этганидек, Янги Ўзбекистон инсон қадри устувор бўлган ҳуқуқий давлат ва шундай бўлиб қолади. Биз одил судловга эришиш учун суд ишларини тўлиқ рақамлаштириш, инсон омилини камайтириб, сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш борасида фаол иш олиб бормоқдамиз. Иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд биносига бориб ўтиришга ҳожат қолмайди – тарафлар судда онлайн иштирок этади, судларда очиқлик, ошкоралик таъминланади. Қисқача айтганда, мамлакатимиз “рақамлашган ва адолатли суд даври” остонасида турибди, десак, муболаға бўлмайди.
Дарҳақиқат, фуқароларнинг одил судловга эришиши учун қонуний асослар билан бир қаторда кўплаб қулайликлар ҳам яртилмоқдаки, бу амалда юртдошларимиз манфаатларига хизмат қилаётир.
Одамларнинг суд биноларига бориб сарсон бўлиши, кунлаб навбат кутиши ёки очиқ бўлмаган суд жараёнларида алолатсизликка учраши яқин ўтмишда содир бўлган нохуш ҳолатлар.
Бугунги кунда судга ариза бериш, мурожаат йўллаш, ҳатто суд мажлисида иштирок этишни онлайн тарзда, яъни масофадан туриб амалга ошириш имкони яратилган.
Энг муҳими, суд жараёнлари асосан очиқлик асосида ўтказилмоқда. Булар аҳолига яратилган жуда катта қулайлик бўлиб, нафақат вақт, балки маблағларни тежашга хизмат қилаётгани эътиборга лойиқ.
Айтиб ўтиш керакки, кейинги саккиз йилда ҳуқуқий соҳада, айнан қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган юзга яқин қонун, фармон ва қарор қабул қилинди.
Булар адолатни қарор топтиришга хизмат қилиб, аҳоли ва тадбиркорларнинг манфаатлари ҳимояси таъминланишида муҳим ўрин тутмоқда.
Суд фаолиятини рақамлаштириш даражаси айни пайтда янги босқичга чиқди. Суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан бутунлай воз кечиш, “Рақамли суд” концепциясини тўлиқ амалга оширишга асос бўладиган Президент фармони эълон қилинди.
2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон билан судларда кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турлари янада кенгайтирилмоқда.
Сир эмаски, бугунги кунда сунъий интеллект имкониятлари кириб бормаган соҳа деярли қолмади. Тизимнинг беқиёс имкониятлари, яъни ҳар қандай маълумотни тизимли таҳлил қила олиш, хато ва камчиликларини аниқлаши ишни тубдан енгиллаштиради.
Судлар фаолиятида сунъий интеллект имкониятлари жорий этилиши ҳам соҳанинг ривожи билан бир қаторда суддан фойдаланувчилар учун кенг қулайликлар яратади.
Мисол учун, судларда сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имконияти йўлга қўйилади. “Рақамли суд” концепцияси асосида судга ариза беришдан олдин фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатларнинг ҳисоби чиқариб берилади.
Бу тартибда кўриб чиқиладиган мурожаатлар судга фақатгина электрон шаклда юборилади. Ишда иштирок этувчи шахслар эса суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади. Суд иштирокчиларига ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади.
“Мy.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модули жорий этилади. Фуқаролар судга доир маълумотларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имконига эга бўлади.
Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонда барпо этилаётган ҳуқуқий давлат асослари янада мустаҳкамланишига, муҳими, халқимизнинг одил судловга эришиш даражаси ортиб боришига хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА