Янги Ўзбекистон илм-фан, инновацион технологиялар ва илғор кашфиётлар мамлакатига айланди
Бугунги глобаллашув ва шиддатли технологик ўзгаришлар даврида ҳар қандай давлатнинг рақобатбардошлиги ҳамда барқарор тараққиёти, энг аввало, илм-фан ютуқлари ва инновацион салоҳият билан белгиланади.
Табиий ресурсларга таянган иқтисодиётдан билим ва технологияларга асосланган иқтисодиётга ўтиш замонавий дунёнинг бош тенденциясига айланди. Буюк алломалар юрти бўлган Ўзбекистон ҳам илм-фан ва инновацияларни давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши сифатида белгилаб олди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ва илғор ғояларни амалиётга жорий этиш борасида салмоқли қадамлар ташланди.
Ўрта Осиё замини қадимдан жаҳон цивилизацияси ва илм-фани бешикларидан бири бўлиб келган. Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби буюк аждодларимиз томонидан яратилган кашфиётлар башарият тараққиётига улкан ҳисса қўшган. Бундан ташқари, Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Бухорий, Абу Исо ат-Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин ал-Марғиноний каби алломаларимизнинг ислом илмларининг турли соҳалари ривожига қўшган беқиёс хизматлари ўлкамизни ислом илм-фани ва маданиятининг йирик марказларидан бирига айлантирди.
Ўзбекистон тарихий тараққиётининг 2017 йилдан бошланган – Янги Ўзбекистон деб ном олган янги босқичида мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётидаги кенг кўламли ислоҳотлар қаторида таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасида ҳам туб, инқилобий ўзгаришлар даври бошланди.
Янги Ўзбекистонда таълим, илм-фан ва инновацион фаолиятни ривожлантириш учун мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база яратилди. Жумладан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам таълим ва фан соҳасини ривожлантиришга, хусусан, нодавлат олий таълим ва инновацион тараққиётга алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, ушбу даврда соҳага оид махсус ҳужжатлар – Ўзбекистон Республикасини 2019–2021 йилларда ҳамда 2022–2026 йилларда инновацион ривожлантириш стратегиялари, Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси, Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси, «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси ва Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Шунингдек, 2019 йилда «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги, 2020 йилда эса «Инновацион фаолият тўғрисида» ва «Таълим тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатлар соҳадаги муносабатларни халқаро стандартлар асосида тартибга солиш имконини берди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасини 2022–2026 йилларда инновацион ривожлантириш стратегияси доирасида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг инновацион фаоллигини ошириш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланди. Стратегия ижроси натижасида Ўзбекистон Глобал инновация индексидаги ўз мавқеини сезиларли даражада яхшилаб, минтақадаги энг тез суръатлар билан ривожланаётган давлатлар қаторидан жой олди. Давлат бюджетидан илм-фан ва инновацияларни молиялаштириш ҳажми бир неча баробар оширилиб, илмий лойиҳаларни грант асосида қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва рақамлашган тизими йўлга қўйилди.
Инновациялар ва рақамли технологиялар соҳасида фаолият кўрсатувчи алоҳида вазирлик ҳамда идораларнинг ташкил топиши ҳам Янги Ўзбекистон даврига тўғри келади.
Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бугунги кунга келиб мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари сони 205 тага етди. Улардан 73 таси нодавлат олий таълим ташкилотлари, 32 таси эса хорижий университетлар, уларнинг филиаллари ҳамда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилган қўшма олий ўқув юртларидир.
Бу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузурида 2018 йилда ташкил этилган Илғор технологиялар маркази ҳамда 2022 йилда фаолият бошлаган Инновацион ривожланиш агентлиги алоҳида аҳамият касб этади. Айни пайтда Инновацион ривожланиш агентлиги ҳузурида 13 та технопарк, жумладан, 12 та ёшлар технопарки ва 1 та инновацион технопарк фаолият кўрсатмоқда.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон илм-фан соҳаси 100 дан ортиқ академик ва тармоқ илмий муассасасини, жумладан, 65 та илмий-тадқиқот институти, 31 та илмий-тадқиқот маркази (шу жумладан, 14 та ихтисослаштирилган илмий-амалий марказ) ҳамда 8 та бошқа илмий ташкилотни ўз ичига олади. Бундан ташқари, 205 та олий таълим муассасасида ҳам илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда фан ва тадқиқотлар йўналишида фаолият юритувчи энг йирик ташкилот Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳисобланади. Академия тузилмаси физика-математика ва техника фанлари, кимё ва биология фанлари ҳамда ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича 3 та илмий бўлимдан иборат. Шунингдек, академия тизимида 3 та ҳудудий тузилма – Қорақалпоғистон ва Навоий бўлимлари ҳамда Хоразм Маъмун академияси фаолият олиб боради. Фанлар академияси таркибида 33 та илмий муассаса мавжуд бўлиб, улардан 26 таси илмий-тадқиқот институти, 4 таси илмий марказ ва 3 таси давлат музейидир. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг бир қатор вазирлик, идора ва йирик компаниялари тизимида ҳам соҳавий илмий-тадқиқот институтлари ҳамда марказлари фаолият кўрсатмоқда.
Янги Ўзбекистонни инновациялар марказига айлантириш йўлида замонавий инфратузилма шакллантирилмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида технопарклар, инновацион марказлар, «Ёшлар технопарклари» ва IT-парклар фаолияти йўлга қўйилди. Бу масканлар ёш ихтирочилар, дастурчилар ва стартап лойиҳа муаллифлари учун ўзига хос ижодий лаборатория вазифасини ўтамоқда.
Ахборот технологиялари ва рақамлаштириш соҳасида эришилаётган натижалар алоҳида эътиборга лойиқ. «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида илм-фан ва инновация соҳасидаги хизматларни тўлиқ рақамлаштириш, лойиҳаларни кўриб чиқиш муддатларини кескин қисқартириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, катта маълумотлар (Big Data) ва булутли технологиялар фаол жорий этилмоқда. Умуман, рақамли трансформация ва келажак технологияларини кенг жорий этиш Янги Ўзбекистоннинг технологик қиёфасини белгилаб бераётган энг муҳим омиллардан бирига айланди. Ўзбекистонлик ёш мутахассислар, хусусан, IT Park Uzbekistan резидентлари томонидан яратилаётган дастурий маҳсулотлар нафақат ички, балки жаҳон бозорида ҳам ўз ўрнини топиб, IT-хизматлар экспорти йилдан-йилга рекорд натижаларни қайд этмоқда.
Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш давлат сиёсати даражасида белгиланган бўлиб, бу йўналишда бир қатор стратегик ҳужжатлар, давлат дастурлари ва амалий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 октябрдаги қарори билан Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси ҳамда уни 2024–2026 йилларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси қабул қилинди. Мазкур стратегияда 2030 йилга қадар сунъий интеллект асосида яратилган дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард АҚШ долларига етказиш, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида сунъий интеллект асосида кўрсатиладиган хизматлар улушини 10 фоизга ошириш, соҳадаги илмий лабораториялар сонини кўпайтириб, юқори қувватли ҳисоблаш серверларини ишга тушириш ҳамда Ўзбекистоннинг Сунъий интеллектга тайёрлик индексида дунёнинг илғор 50 та давлати қаторига киришини таъминлаш кўзда тутилган.
Президентимизнинг 2025 йил 22 октябрдаги «Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Ҳужжат билан Қорақалпоғистон Республикасида қиймати 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган сунъий интеллект инфратузилмаси лойиҳалари инвесторлари учун имтиёз ва преференциялар махсус пакети ҳамда ушбу йўналишда малакали кадрлар тайёрлаш ва ёшлар қизиқишини оширишга қаратилган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Шунингдек, «Ўзбек тили корпуси» лойиҳасини амалга ошириш учун Рақамли технологиялар вазирлигига ўзбек тилидаги материалларни тақдим этувчи давлат органлари ва ташкилотлари, қолаверса, сунъий интеллект лабораториялари ташкил этиладиган олий таълим муассасалари рўйхати белгилаб берилди.
2025 йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2025–2026 йилларда вазирлик ва идоралар томонидан сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича устувор лойиҳалар рўйхати тасдиқланди. У Рақамли технологиялар вазирлиги тасарруфидаги ташкилотларнинг 64 та ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг 22 та лойиҳасини ўз ичига олади. Соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий кўрик жараёнини автоматик равишда баёнлаштириш ва маммография тадқиқотлари асосида кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш, транспорт ва инфратузилма тизимида темир йўл ҳамда автомобиль йўллари ҳолатини мониторинг қилиш ва вокзалларда фуқароларни идентификациялаш учун «UzFace» тизимини ишга тушириш, таълим соҳасида эса университетларда сунъий интеллект лабораторияларини ташкил этиш ҳамда сунъий интеллект асослари бўйича мактаб дастурларини ишлаб чиқиш лойиҳалари шулар жумласидандир.
Давлатимиз раҳбарининг расмий веб-сайтида 2026 йил май ойида эълон қилинган маълумотларга кўра, мамлакатимизда сунъий интеллект йўналишида 100 га яқин амалий лойиҳа ва 200 дан ортиқ тажриба-синов ташаббуси бошланган. Бундай лойиҳалар самарадорлигини таъминлаш мақсадида 24 миллион долларлик GPU-кластерга эга инфратузилма ишга туширилган. Шунингдек, кейинги босқичда – 2027–2031 йилларда тармоқларда сунъий интеллектни жорий қилиш бўйича умумий қиймати 200 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш ҳамда мактабларда стартап зоналарини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатимизда фармацевтика хавфсизлигини таъминлаш ва маҳаллий хомашё асосида инновацион дори воситаларини яратиш, қишлоқ хўжалигида шўрланиш ва қурғоқчиликка чидамли ўсимлик навларини етиштириш ҳамда сувни тежовчи ва «ақлли» технологияларни қўллаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, жумладан, қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш, водород энергетикасини ривожлантириш, экологик тоза технологияларни ишлаб чиқариш ҳамда Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонасига айлантириш йўлида халқаро миқёсдаги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистонда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш шунчаки алоҳида соҳа ислоҳоти эмас, балки мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт фалсафасига айланди. Инсон капиталига йўналтирилаётган инвестициялар, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун яратилаётган шароитлар ҳамда фан ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграцияси Ўзбекистонни нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё миқёсида илғор кашфиётлар ва инновацион технологиялар марказига айлантириш учун ишончли замин яратмоқда.
Комилжон Раҳимов,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти директори,
тарих фанлари доктори, профессор.
ЎзА