Президентимиз томонидан илгари сурилган ва ҳар томонлама илмий-фалсафий асослаб берилган – Янги Ўзбекистон ғояси бугунги кунда халқимизнинг қалбидан чуқур жой олди ва умуммиллий ҳаракатга айланди.
“Ишонч” газетасининг жорий йил 21 май кунги сонида ва интернет сайтларида таниқли жамоат арбоби, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг чуқур таҳлилларга ва бой кузатувларга асосланиб ёзилган “Шавкат Мирзиёев: Мен умримни шу халққа тикканман!” мақоласини ўқирканман хаёлимдан беихтиёр ана шундай фикрлар ўтди.
Мақола муқаддимасида муаллиф ўз таҳлилий фикр ва мулоҳазаларини қоғозга кўчиришга нима ундаганини алоҳида таъкидлаб ўтади: “Президентнинг яқинда Жиззах вилояти фаоллари билан учрашувдаги маърузасида бир нуқта кўпчиликнинг эътиборини тортди, деб ёзади муаллиф. Унда давлатимиз раҳбари шундай деган эди: “Худо менга соғлиқ бериб, умр берса, бизда камбағаллик ва ишсизлик бўлмайди. Нимага десангиз, бунга мен етти йил умримни тикдим. Тизим яратдим, қонун яратдим, дунёни очиб бердим. Халқим яхши яшасин, ниятлари амалга ошсин, болалари бахтли бўлсин, неваралари соғлом туғилсин, мактаби ишласин, йўллари равон бўлсин деб ишга келдим...”
Ёзилган нутқдан ташқарига чиқиб айтилган ушбу мулоҳазалар одамларни фавқулодда сергаклантирди. Эҳтимол, шундандир айни иқтибос матбуот ва ижтимоий тармоқларда кўп “айланди”. Нега? Чунки бу сўзлар самимий ва чин юракдан айтилган эди...”
Мен ҳам ушбу учрашувда қатнашган бир жиззахлик фаол сифатида Давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзлари ҳар биримизнинг юрак-юрагимизгача етиб борганини, жисму жонимизда ҳаяжонли титроқ уйғотганини тасдиқлайман.
Анжуманда давлатимиз раҳбари, энди яратилган бу тизим ишга тушиши учун қатъий чоралар кўрилишини, одамларни меҳнат қилишга, пул топишга ўргатишга бутун имкониятлар ишга солинишини таъкидлаб ўтди. Бугунги кунда туб ислоҳотлар самараси энг чекка ҳудудларга ҳам етиб борди. Йиллар давомида одамларни ташвишга солиб келган ичимлик суви, электр энергия таъминоти, йўл, тиббий хизмат, таълим ва бошқа соҳаларга қаратилган эътибор аҳоли масканлари, жумладан, туман марказлари қиёфасини тубдан ўзгартирди. Буни халқимиз кўриб, билиб турибди. Шу сабаб,“Ўзгариш ва бунёдкорлик бугун Жиззахда қандай бўй кўрсатди?”, деб сўрашса, биринчи навбатда одамларнинг дунёқарашида, тушунчаларида акс этди, деган бўлардим.
Етти йилда одамлар дунёқарашида етмиш йилда бўлмайдиган ўзгаришлар рўй берди... Бунинг сабаблари, барча эътироф этаётган улкан бунёдкорлик жараёнлари билан бир қаторда, бир қарашда яққол кўзга ташланмайдиган, бироқ турмуш тарзимизнинг ажралмас қисмига айланиб қолган ўзгаришларда ҳам мужассам...
Ўйлаб кўрилса, йиллар давомида кўпчилик онгига сингдирилган давлатнинг ҳар нарсадан устуворлиги, одамлар унинг бир муруввати эканлиги ҳақидаги тушунчаларни бартараф этиш учун фақатгина қуруқ гап эмас, амалий ишлар ҳам талаб қилинарди. Бугун жойларда одамлар билан мулоқотда бўлар эканмиз, ислоҳот самаралари ҳар бир инсон турмушида акс этаётганига амин бўлишимиз мумкин.
Яна бир мисол. Яқин-яқингача одамлар учун автомобиль сотиб олиш фаровонликнинг энг юқори белгиси сифатида кўриларди. Бугунчи... Меҳнат қилиб, даромад топаётган оддий аҳоли хонадонларида нафақат юртимизда ишлаб чиқарилган балки хорижда ишлаб чиқарилган машиналарни ҳам кўриш мумкин. Бу ҳам халқимизнинг даромади кўпайганидан далолат, албатта.
Бироқ, ҳар яхшининг бир ёмони бор, деганларидек, афсуски, нима бўлса “давлат бериши керак”, деган боқимандалик тушунчасида юрганлар ҳам йўқ эмас. Давлатимиз раҳбари кўрсатаётган фидойиликдан ўрнак олиш, “Ватан менга нима берди, деб таъма қилмасдан, мен шу Ватан равнақига қандай ҳисса қўшдим?”, деган тушунча билан яшаш вақти келган.
Бу борада маҳаллага катта масъулият юкланган. Маълумки, маҳалла одамнинг кимлигини белгилайдиган, қўни-қўшнилар қувончли ва ташвишли дамларда, яхши-ёмон кунларда бир бирларига елкадош, ҳаммаслак, ҳамдард бўладиган маскан. Президентимиз томонидан илгари сурилган ва ҳаётимиздан чуқур ўрин олган халқ билан “маҳаллабай” ва “хонадонбай” мулоқот қилиб, янги иш ўринлари ташкил этиш, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ҳамда ҳал этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами билан манзилли иш олиб бориш бўйича жорий қилинган механизм йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Бугун ишлайман деган, даромад топаман деган одам учун маҳаллаларда барча шароитлар яратилмоқда. Биргина жорий йилнинг апрель ойида вилоятимизда 9 та тижорат банки томонидан 2741 хонадонга 62 миллиард сўм кредит ажратилди. Бундан ташқари, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит ва ҳомийлик ҳисобидан аҳоли хонадонларига 112 мингдан ортиқ товуқ, 17 минг 600 бедана, 7 минг 800 бош қўй ва эчки, 1443 бош қорамол, 1523 қути асалари етказиб берилди.
Тўғри, ечимини кутиб турган муаммолар ҳам талайгина. Уларнинг энг асосийси – аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаларини шакллантиришдан иборат. Аҳамиятли томони, бу муаммолар ҳам бир пайтлардагидек, яширилаётгани йўқ. Ошкора айтилмоқда, чора-тадбир изланмоқда. Мисол учун, Жиззах вилоятида жорий йил январь-апрель ойларида 68 минг 180 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Бу эса аҳолини камбағалликдан чиқаришга ташланган қадам. Жорий йил май ойининг бошида пойтахтимизда III Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Қирғиз Республикаси Бош вазири Ақилбек Жапаровнинг: “– Бир пайтлар биз Сингапурга ўхшашни орзу қилиб, Жаноб Ли Куан Ю китобларини ўқиган бўлсак, бугун ҳурматли Шавкат Мирзиёев чиқишларини, Ўзбекистон ҳукумати амалга ошираётган ишларни диққат билан кузатмоқдамиз. Бу анжуманга ҳам 100 нафардан ортиқ делегация аъзолари билан келдик. Мақсадимиз – Ўзбекистонни Марказий Осиёда етакчи ўринга олиб чиққан томонларини ўрганиш”, деган гапларини кўпчилик олқишлар билан кутиб олди.
Анжуманнинг яна бир меҳмони, Хитой ижтимоий таъминот давлат вазири маслаҳатчиси Енг Лиу Янг эса: “– Мамлакатингизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш, республикани иқтисодий, ижтимоий ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Бу жараёнга нафақат давлат, ҳукумат аъзолари, балки оддий халқ ҳам иштиёқ билан киришганига гувоҳ бўлдик”, – деб таъкидлади.
Юқори мартабали меҳмонларнинг бу сўзлари мулозамат эмас, албатта. Бу сўзлар сўнгги йилларда юртимизда кечаётган туб ислоҳотлар самарасининг эътирофи. Форум доирасида бундай эътирофларни кўплаб хорижий меҳмонлар такрорлашди. Бу эътирофлар замирида – Янги Ўзбекистон ғояси меъмори – Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида халқимизнинг ишонч ва қатъият билан амалга ошираётган улкан саъй-ҳаракатлари ётибди.
Қўлга киритилган бу ютуқ ва муваффақиятларнинг бардавом бўлиши эса сиз-у бизга, Ватан тақдирига, халқимиз келажагига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимизга боғлиқ.
Эркин Холматов,
O’zLiDeP Жиззах вилояти Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши
O’zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари.
ЎзА