Янги Ўзбекистон армияси: инновация, маҳорат ва ватанпарварлик
Бугунги глобал ва геосиёсий жараёнлар шароитида ҳарбий тайёргарлик нафақат давлат ҳудудини ҳимоя қилиш, балки жамиятнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш билан ҳам боғлиқ. Янги Ўзбекистон армиясида амалга оширилаётган ислоҳотлар ёшларимизни жисмоний, маънавий ва касбий жиҳатдан ривожлантириш, уларни замонавий таҳдидларга қарши қудратли қилади.
Йигирма биринчи асрнинг учинчи ўн йиллиги инсоният тарихидаги мураккаб ва кутилмаган геосиёсий ўзгаришлар даври сифатида эътироф этилмоқда. Евроатлантика ҳудудидан тортиб Яқин ва Ўрта Шарқ, Лотин Америкасидан Жанубий Осиёга қадар кузатилган зиддиятлар нафақат чегараларни, балки жаҳон тартибининг асосий тамойилларини қайта шакллантирмоқда. Халқаро ҳуқуқ нормалари заифлашиши ва минтақавий можароларнинг гибрид тус олиши давлатлар олдига мураккаб вазифалар қўймоқда.
Бундай шароитда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 13 январ куни ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш, шунингдек, глобал беқарорлик даврида яшовчанлик стратегиясини белгилашга хизмат қилди.

Йиғилишда қабул қилинган қарорлар фақат ҳарбий тайёргарликни ошириш билан чекланмай, давлат мудофаа қудратини жамиятнинг интеллектуал салоҳияти ва ижтимоий барқарорлиги билан узвий боғлайдиган янги хавфсизлик архитектурасини яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хавфсизлик кенгаши ҳамда Маънавият ва маърифат кенгаши раиси сифатидаги фаолияти давлат хавфсизлик стратегиясида янги, гармоник моделни юзага келтирмоқда. Бу моделнинг асосий моҳияти шундаки, хавфсизлик кўриниши моддий, аниқ қўриқлов бўлса, маънавият кўринмайдиган, аммо кучлироқ ички мудофаа сифатида ҳаракат қилади. Замонавий урушлар эндиликда фақат географик майдонларда эмас, инсон онгида ҳам кечмоқда: рақамли технологиялар ва ахборот операциялари жамиятнинг маънавий устунларини парчалаб юбориши мумкин.
Шу сабабли Олий Бош Қўмондон бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар жисмоний тайёргарлик ва маънавий иммунитетни бирлаштириб, ёшларни ватанпарварлик, касбий маҳорат ва рақамли тафаккурга эга мутахассисларга айлантиришга хизмат қилмоқда.
Муддатли ҳарбий хизмат эндиликда нафақат жисмоний тайёргарлик маскани, балки ёшларни меҳнат бозорига тайёрлаш ва касбий компетенцияларини ривожлантиришнинг стратегик босқичи ҳисобланади. Шахсий таркибга камида битта ихтисослик бўйича 3-6 ойлик ўқув дастурлари жорий этилиб, битирувчилaрга тегишли малака сертификатлари тақдим этилади. Ҳарбий округ қўмондонликлари хизмат муддати якунланишидан бир ой аввал аскарлар ҳақидаги маълумотларни мудофаа ишлари бўлимларига тақдим этади, маҳаллий ҳокимият эса ёшларни кафолатли иш ўринлари билан таъминлайди.

Шу билан бирга, рақамли салоҳиятни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳар йили 5 минг нафар иқтидорли аскар “Бир миллион дастурчи” ва “Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” лойиҳалари доирасида ўқитилиб, халқаро IT-сертификатлари билан таъминланади. Замонавий компьютер техникаси билан жиҳозлаш ва таълим харажатларини қоплаш учун бешта ҳарбий округга ҳар йили жами 100 миллиард сўм ажратилади.
Муддатли ҳарбий хизмат давомида олий таълимга кириш имконияти яратилган бўлиб, тест синовларидан муваффақиятли ўтган аскарлар олийгоҳларга қабул қилинади ва хизмат якунида захиравий офицер унвони берилади. Шунингдек, республика ва халқаро спорт мусобақаларида муваффақият қозонган, юқори маънавий фазилатларга эга ёшлар олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз қабул қилинади, таълим харажатлари ва фоизсиз кредитлар давлат томонидан қопланади.
Муддатли ҳарбий хизмат ёшларни жамиятда муносиб ўрин топишларига тайёрлайди, уларнинг бандлигини таъминлайди, ҳарбий ихтисосликларни фуқаролик соҳалари билан интеграция қилади. Алоқа қўшинлари вакиллари IT, радиоалоқа, видеокузатув ва телекоммуникация тармоқларида етук мутахассис сифатида фаолият юритади, муҳандислик бўлинмалари эса тоғ-кон саноати, йўл ва темирйўл қурилиши ҳамда бошқа ишлаб чиқариш тармоқлари учун малакали кадрлар манбаи бўлади.
Шу билан бирга, дронларни бошқариш, робототехника ва киберспорт каби замонавий йўналишларда ўтказиладиган уч босқичли мусобақалар орқали ёшлар юқори технологияли компетенцияларини ривожлантиришади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган янги мудофаа стратегияси армияни фақат чегараларни қўриқлайдиган тизимдан жамиятнинг энг фаол, билимли ва ватанпарвар қатламни шакллантирувчи интеллектуал масканига айлантирди.
Зокир Раҳимов,
Фарғона давлат университети
Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор,
Шоҳруҳбек Қодиров,
Фарғона давлат университети
Фалсафа ва миллий ғоя кафедраси катта ўқитувчиси.
ЎзА