Янги ўқув йилида янги мақсадлар сари
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2026-2027 ўқув йилининг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда нуроний устозлар, институт жамоаси, талаба-ёшлар ва уларнинг ота-оналари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Янги ўқув йилининг бошланиши – ҳам таълим жараёнида, ҳам ижтимоий ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган, ёшларимизни янги мақсадлар сари йўналтирадиган воқеадир.
Мустақил мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбиясига, илм-фан ривожига қаратилаётган юксак эътибор бугун соҳа мутахассислари олдига катта масъулият юкламоқда. Президентимиз ғамхўрлиги билан яратилаётган кенг имкониятлар натижасида институтда ҳам замонавий таълим муҳитини шакллантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббус ва ғояларини рўёбга чиқариш учун барча шароитлар яратилмоқда.

Институтнинг замонавий шароитларга эга бўлган янги ўқув биноси, талабалар турар жойлари, замонавий спорт мажмуалари, шунингдек, энг сўнгги техникалар билан жиҳозланган лабораторияларнинг фойдаланишга топширилгани келажак эгаларининг илм-фан сирларини чуқур ўзлаштириши, ҳам жисмоний, ҳам интеллектуал жиҳатдан етук авлод бўлиб етишиши учун хизмат қилиши шубҳасиз.

Қорақалпоғистондаги биринчи олий таълим муассасаси, ўзининг 90 йилдан ортиқ тарихига эга бўлган педагогика институтида ўқишни ният қилган юртимизнинг ўн минглаб ёшлари орасидан бакалавриатнинг кундузги ва кечки таълим йўналишларига 2 минг 200 дан ортиқ, магистратуранинг кундузги ва кечки мутахассисликларига 370 га яқин ёш ўқишга тавсия этилди.
– Бугун менинг ҳаётимдаги энг унутилмас кун. Чунки, мен шу институтнинг талабасига айландим. Бу даргоҳ – илм-маърифат маркази, ёшларнинг орзуларини рўёбга чиқаришга замин яратадиган таълим маскани. Мен бир неча йиллардан буён Ёшлар иттифоқи тизимида сардор бўлиб фаолият юритяпман. Ушбу йўналишдаги ишларим туфайли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш тўғрисида”ги қарори асосида институтнинг миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими йўналишига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Мазкур даргоҳда Ўзбекистон Қаҳрамонлари, академиклар, давлат ва жамоат арбоблари етишиб чиқиб, халқимизга хизмат қилган. Мен ҳам уларнинг йўлини ибрат қилиб, ушбу ўқув юртида таҳсил олишни мақсад қилган эдим. Бугун ўз мақсадимга эришдим. Албатта, институтда билим ва кўникмаларимни янада такомиллаштириб, келгусида мамлакатимиз таълим соҳасининг ривожланишига ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман, – дейди Қияс Ережепбаев.

Тадбирда нуроний устозлар, институтга имтиёзли ва юқори балл билан давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган ёшлар сўзга чиқиб, юртимизда ёшларнинг олий таълим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, илм-фан билан шуғулланиб, ўз қобилиятларини рўёбга чиқариши учун яратилаётган шароитларни таъкидлаб, давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдиришди.
Институтда янги ўқув йили “Мустақиллик дарслари” ва “Таништирув ҳафталиги” билан давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири