Янги ўқув йилида 26 нафар хорижлик педагог Бухорода иш бошлайди
Таълим сифатини ошириш, хорижий тилларни ўқитиш самарадорлигини юксалтириш мақсадида умумтаълим мактабларига хорижлик мутахассисларни жалб қилишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
2023-2024 ўқув йилида Бухоро вилояти умумтаълим мактабларида математика, физика, кимё, биология ҳамда инглиз, немис, француз ва рус тили фанларидан жами 10 нафар хорижлик ўқитувчи фаолият олиб борди.


Янги ўқув йилида эса вилоят умумтаълим мактабларига 26 нафар хорижлик ўқитувчини жалб этиш кўзда тутилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Россия Федерацияси Маориф вазирлиги билан ҳамкорликда йўлга қўйилган “ЗЎР!” (КЛАСС) лойиҳаси доирасида 6 нафар, вилоятдаги таълим муассасаларида хорижий тилларни ўқитиш самарадорлигини ошириш мақсадида 20 нафар хорижлик ўқитувчини жалб қилиш режалаштирилган.

Айни пайтда россиялик муаллима Рима Салимгареева ҳамда словенялик ўқитувчи Настасжа Скерлж Грат вилоятга етиб келди. Янги ўқув йилида Рима Салимгареева Жондор туманидаги 1-умумтаълим мактабида, Настасжа Скерлж Грат эса Бухоро шаҳридаги 4-ИДУМда иш бошлайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири