Наманганда халқ депутатлари Янги Наманган тумани Кенгашининг навбатдан ташқари биринчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда ташкилий масала кўрилди. Наманган вилояти ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари котибияти мудири бўлиб ишлаб келаётган Жобир Шарифович Абдуллаев Янги Наманган тумани ҳокими этиб тайинланди.
Жобир Абдуллаев 1984 йил 21 июнь куни Наманган шаҳрида таваллуд топган. Маълумоти олий, 2005 йилда Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаган. Мутахассислиги муҳандис-қурувчи, муҳандис-электрик.
Меҳнат фаолиятини 2008 йилда “Наманган ҳудудий электр тармоқлари” корхонасида ўта кучланишдан ҳимоя қилиш ва изоляцияни синаш хизмати электромонтёрлигидан бошлаган. У 2008-2020 йиллар давомида “Наманган ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси муҳандиси, етакчи муҳандиси, Наманган тумани электр таъминоти корхонаси бошлиғи, Наманган шаҳридаги “Истиқбол” электр таъминоти корхонаси бошлиғи, Наманган шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифаларида иш олиб борган.
Жобир Абдуллаев 2020 йил 23 декабрдан буён Наманган вилояти ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари котибияти мудири лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Жобир Абдуллаев Наманган шаҳар ҳокимининг 2021 йил 29 апрелдаги қарори билан Янги Наманган тумани ҳокими этиб тайинланди ва туман Кенгаши депутатлари томонидан лавозимга тасдиқланди.
Шунингдек, сессияда янги ташкил этилган Янги Наманган тумани прокурори этиб Ҳабибулло Жакпаралиевич Исоқов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига Илҳомжон Абдураҳмонов, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи этиб Шарифжон Абдураҳимов тайинланди.
ЎзА