Янги мавсумга старт берилди
Андижонда “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ва “Президент олимпиадаси” мусобақаларининг жорий йил мавсуми очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Комилжон Комилов, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов, мутасадди ташкилот раҳбарлари, спортчи ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ёшлар ўртасида спортни ривожлантириш, иқтидорли ёш спортчиларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Жумладан, “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ҳамда “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақалари мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариши алоҳида қайд этилди.
2026 йил мавсуми доирасидаги мусобақалар 13–14 ёшли спортчилар ўртасида ўтказилади. Мусобақалар 21 та олимпия спорт тури бўйича жами 205 та дастур асосида ўтказилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, спортнинг бадиий гимнастика тури бўйича 11–12 ёшли қизлар ўртасида ҳам беллашувлар ташкил этилиши белгиланган.
[gallery-28320]
Ёш иқтидорларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда келгусида юксак натижаларга эришадиган спортчиларни саралашга хизмат қиладиган ушбу беллашувлар “Туман ва шаҳар ҳокими олимпиадаси”, “Ҳоким олимпиадаси” ва “Президент олимпиадаси” босқичларида ўтказилади.
“Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” ва “Президент олимпиадаси” мусобақалари ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ёшларнинг спортга бўлган қизиқишни ошириш ҳамда юртимиз спорт салоҳиятини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.