Янги масканлар юртимиз кўркига кўрк қўшмоқда
Бугунги кунда пойтахтимизда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, шаҳар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолига қулай муҳит яратиш мақсадида кўкаламзорлаштириш, яшил майдонларни кенгайтириш ва каналлар атрофини сайилгоҳларга айлантириш ишлари жадал давом этмоқда.
Хусусан, Мирзо Улуғбек туманидаги "Ўзбекистон овози" кўчаси 24/7 гастрономик ва туризм масканига айлантирилди. Энди бу ерда кун-у тун ҳаёт қайнайди. Ёрқин чироқлар, гавжум кафелар, сайр қилаётган одамлар ва замонавий шаҳар муҳити шаҳар жозибасини оширди. 2 километрдан ортиқ ҳудудда юзлаб тадбиркорлик объектлари фаолият юритмоқда. Минглаб инсонлар бу ерга дам олиш, сайр қилиш ва вақтини мазмунли ўтказиш учун ташриф буюрмоқда.

–Кўчамиз реконструкция қилингандан кейин гастрономик-туристик кўча сифатида ўз мақомига эга бўлди, – деди тадбиркор Анвар Бобоев. –Ҳозирда одамлар серқатнов гўшага айланди. Бунинг қувонарли яна бир жиҳати шундаки, ишчи ўринлари кўпайди. Маҳалла аҳолиси, ёшлар иш билан таъминланди. Ёш тадбиркорлар учун ҳам қўшимча ишлар яратилди.
–Авваллари бу кўчалар жуда тор эди, – деди маҳалла фаоли Мукамбар Собирова. – Автомобилларнинг кетма-кет туриши аҳоли учун тирбандлик ва ноқулайлик келтирарди. Ҳозирги ўзгаришлар сабаб эса автоуловлар тартиб билан қўйилмоқда ва майдонлар сайр қилишга арзигулик жойларга айланди. Биз маҳалладагилар бу каби имкониятларни берган давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.

Пойтахтимизнинг “Мовий гумбазлар” хиёбонидаги скейт паркда ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бугун бу жой кўплаб ҳаваскорлар ва спортга қизиқувчиларни бир жойга жамламоқда. Сўнгги янгиланишлардан сўнг майдонча янада кенгайди. Жумладан, унинг ҳудуди 600 квадрат метрдан 1300 квадрат метрга етказилди. Спорт элементлари сони эса 5 тадан 13 тага кўпайтирилди.
Мазкур майдонча скейтборд, велосипед, ролик ва бошқа ғилдиракли спорт воситаларида учиш, турли трюкларни бажариш ҳамда экстремал спорт турлари билан шуғулланиш учун мўлжалланган. Бу ерда машқ қилиш, фаол ҳордиқ чиқариш ва янги дўстлар орттириш мумкин.

Шунингдек, Олмазор туманидаги “Ёшлик шаҳарчаси”да ташкил этилган “Ёшлар маскани” энди минглаб талабаларнинг севимли учрашув ва ҳордиқ жойига айланмоқда.
–Мен “Ёшлар маскани”га жуда кўп бориб тураман, – деди талаба Сабина Толипова. – Сабаби, бу ердаги муҳит ва ёшлар учун яратилган имкониятлар бизга жуда ёқади. Бу ерда биз йиғилиб турли хил китоблар ўқиймиз, ўқиган асарларимизни муҳокама қиламиз. Бу жараёнлар бизнинг талабалик давримизни мазмунли ва эсда қоларли бўлиб ўтишига сабаб бўлмоқда.

–Бу ерга асосан ўртоқларим билан дам олгани келамиз, – деди талаба Моҳичеҳра Қудратова. – Волейбол, стол тенниси, шахмат ва шашка ўйинларини ўйнаймиз. Ҳар жойда кузатув камералари ўрнатилгани учун бу жойлар талаба-ёшлар учун хавфсиз жойлар ҳисобланади.

Бу ерда ёшлар спорт билан шуғулланиши, китоб ўқиши, шахмат ўйнаши ёки шунчаки дўстлари билан вақт ўтказиши мумкин. Ҳудудда food truck’лар, спорт майдончалари, кутубхона ва замонавий дам олиш зоналари бор.
Юқорида келтирганларимиз ҳали хамир учидан патир. Бир сўз билан айтганда, замонавий иншоотлар, обод этилаётган ҳудудлар юртимиз кўркига янада кўрк қўшмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА