Янги марказ — янги имкониятлар
Баъзан бир бино ортида бутун бир ҳудуднинг эртанги тараққиётига дахлдор ният, мақсад ва имкониятлар мужассам бўлади. Жиззах шаҳрида фойдаланишга топширилган “BMB Business Markaz” ана шундай лойиҳалар сирасига киради.
Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида эшикларини очган мазкур замонавий мажмуа тадбиркорлик, савдо, хизмат кўрсатиш ва таълим йўналишларини бир нуқтада уйғунлаштиргани билан аҳамиятли. Энг муҳими, бу ерда бунёдкорликнинг фақат ўзи эмас, унинг инсонлар ҳаётига олиб кирадиган амалий натижаси — иш ўринлари, замонавий хизматлар, билим ва янги касбий кўникмалар учун имкониятлар ҳақида гап кетмоқда.
Жиззах шаҳрининг Наврўз маҳалласи, Шароф Рашидов кўчасида қад ростлаган беш қаватли бизнес-марказ қурилиши 2025 йил август ойида бошланиб, бир йилда якунига етказилди. Қиймати 27 миллиард 500 миллион сўмлик лойиҳа BMB Holding компаниясининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилди. Бош пудратчи — “BMB High-Tech” корхонаси.
Бир қарашда бу рақамлар оддий статистикадек туюлиши мумкин. Аммо унинг замирида хусусий ташаббуснинг ҳудуд тараққиётидаги ўрни, замонавий инфратузилмага бўлган талаб ва энг муҳими, одамларга яқин хизматларни йўлга қўйиш истаги мужассам.
— Бугун тадбиркорларга ҳукумат миқёсида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасини янги лойиҳалар, яратилаётган иш ўринлари ва аҳоли учун пайдо бўлаётган қулайликларда кўриш мумкин. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги байрами арафасида фойдаланишга топширилган ушбу беш қаватли объектнинг биринчи қавати савдо ва маиший хизматларга мўлжалланган. Қолган тўрт қаватида эса ёшларнинг таълим олиши, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун ўқув маркази ташкил этилади. Бу, аввало, ёшларимиз келажагига қўйилган сармоядир, — дейди меҳнат фахрийси Акмал ҳожи Маматқулов.
[gallery-31145]
Дарҳақиқат, “BMB Business Markaz”нинг ўзига хослиги ҳам шунда — у фақат бизнес учун жой эмас. Мажмуада тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Юқори тезликдаги интернет ва Wi-Fi, видеокузатув, замонавий иситиш-совитиш тизимлари, икки тонна юк кўтариш қувватига эга лифт, 800 квадрат метрлик автотураргоҳ — буларнинг барчаси замонавий бизнес муҳитининг ажралмас қисмидир.
Биринчи босқичда бинода “BMB Market”, SABER савдо белгиси дўконлари ҳамда “Z BURGER” тез тайёрланадиган овқатланиш тармоғи иш бошлади. Демак, марказда савдо ва хизмат кўрсатишнинг турли йўналишлари бир-бирини тўлдириб, аҳоли учун қулай муҳит яратади.
Бироқ лойиҳанинг энг катта истиқболи юқори қаватларда бошланади. Иккинчи босқичда бу ерда замонавий ўқув-таълим маркази ва “Book Cafe” ташкил этиш режалаштирилган. Бу эса бизнес-марказ концепциясини оддий тижорат объектидан анча кенгроқ тушуниш имконини беради.
Чунки бугунги рақобат муҳитида бинонинг кўркамлиги ёки хизмат турларининг кўплиги етарли эмас. Замонавий тараққиётнинг энг катта мезони — инсон капитали. Билимли, касб-ҳунарли, замон талабларини англайдиган ёшлар қанча кўп бўлса, ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ҳам шунча юксалади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, “BMB Business Markaz”да таълим йўналишининг алоҳида ўрин эгаллаши тасодифий эмас. Бу ерда ёшлар ва аҳолига янги билим ва амалий кўникмалар бериш, замонавий касбларни эгаллаш учун қўшимча шароит яратиш кўзда тутилган. Яъни бу масканда савдо-сотиқ билан билим, хизмат билан тараққиёт, тадбиркорлик билан инсон омили бир нуқтада туташади.
Жиззахда қад ростлаган “BMB Business Markaz” иш бошлайди. Энди унинг ҳақиқий самараси бу ерда ишлаётган тадбиркорлар фаолиятида, билим олаётган ёшлар тақдирида, яратилган янги иш ўринларида ва аҳоли ҳаётига кириб келадиган қулайликларда намоён бўлади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари