Янги корхона иш бошлади: 300 та янги иш ўрни яратилди
Андижон вилояти Марҳамат туманидаги Бозорбоши маҳалласида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхона фойдаланишга топширилди.
Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида корхона очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар томонидан мамлакатимизда, хусусан, Андижон вилоятида ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, бунинг натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми, шунингдек, аҳолини бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантиришга қаратилган ишлар кўлами тобора ортиб бораётганлиги таъкидланди.
Биргина жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда бу каби кўплаб корхоналар ишга туширилди. Марҳамат туманида «Fazo Infinity» масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилган янги трикотаж корхонаси ҳам ана шулардан бири бўлди.

Умумий қиймати 12 миллиард сўмга тенг лойиҳа доирасида ташкил этилган корхонага Хитой ва бошқа қатор хорижий давлатлардан замонавий ускуна ва тикув дастгоҳлари олиб келиб ўрнатилди. Корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ҳам ички бозорга, ҳам экспортга экспортга мўлжалланган.
– Айни кунда корхонамизда бир неча турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда, – дейди корхона раҳбари Хуршидбек Жўраев. – Маҳсулот сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чуни сифат маҳсулот харидоргирлигининг энг муҳим омили ҳисобланади.
Мазкур корхонанинг ишга тушиши билан 300 нафар, асосан, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ва ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлди. Корхонада уларнинг самарали иш олиб боришлари учун зарур барча шароитлар яратилган.

Янги корхонанинг ишга туширилиши нафақат аҳоли бандлигини таъминлаш, балки туманда саноатни ривожлантириш, маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, туман иқтисодиётини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири